Россия Бош вазири Михаил Мишустин икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди. Сиёсатчини унинг ҳамкасби Абдулла Арипов кутиб олди. Бу ҳақда Россия Федерацияси ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
ТАСС хабарига кўра, бугун Самарқандда Мишустин ва Арипов Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти даражасидаги қўшма комиссия йиғилишида иштирок этади. Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги иқтисодиёт, саноат, энергетика, сармоя ва маданият соҳаларида алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, сиёсатчилар III Россия-Ўзбекистон минтақалараро ҳамкорлик форумига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилади. Икки давлат бош вазирлари жадвалидан икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва саноат ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Россия-Ўзбекистон бизнес-форумининг ялпи мажлисидаги нутқи ҳам ўрин олган.
Кутилганидек, форумда икки мамлакат ҳудудларининг ишбилармон доиралари ва ташкилотлари вакиллари савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт-логистика, саноат лойиҳалари, саноат кластерларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.
Россия томонидан 150 дан ортиқ корхона, ташкилот, тармоқ бирлашмалари ва уюшмаларидан 360 дан ортиқ киши форумда иштирок этишини тасдиқлаган. Тадбирда Россия Федерациясининг минтақавий ҳокимият вакиллари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Форум олдидан Россия бош вазири Россия компанияларини республиканинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти билан таништириш, савдо шартномаларини тузиш мақсадида ўтказилаётган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” миллий саноат кўргазмасига ташриф буюриши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасидаги комиссиянинг аввалги йиғилиши 2021 йил 22 июнь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтган эди.