Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари учрашувида ўндан ортиқ ҳужжат имзоланди

СИЁСАТ 03.12.2022, 10:13
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари учрашувида ўндан ортиқ ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Михаил Мишустин раислигида йиғилиш ўтказилди. Унда мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.

Жорий йилнинг 15 сентябрида Президентлар – Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин томонидан Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзолангани таъкидланди.

Ҳукуматлар олдига турли соҳаларда амалий ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш вазифаси қўйилган. Мажлисда истиқболли сармоявий лойиҳалар ва савдо шартномаларининг амалга оширилишини таъминлаш ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш режаларини келишиб олинди.

Кейинги беш йилда Ўзбекистонда Россия сармояси иштирокидаги корхоналар сони уч баравар кўпайиб, қарийб уч мингтага етди. Биргина жорий йилда 700 та корхона ташкил этилди.

Ўз навбатида Россияда ҳам ўзбек капитали иштирокида мингга яқин корхона фаолият юритмоқда.

Бугунги кунда давлатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, электротехника ва машинасозлик соҳаларида саноат кооперацияси ривожланмоқда.

Томонлар транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлиги билдирилди. Жорий йилда юк ташиш ҳажми 21 фоизга ошгани, бунда транзит юк ташишлар салмоғи 25 фоизга кўпайгани мамнуният билан қайд этилди. Шу билан бирга ҳудудлар орқали транзит юк ташишда ишончли транспорт-логистика занжирларини шакллантириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Таълим ва илм-фан, маданият соҳаларидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Айни пайтда Ўзбекистонда Россиядаги олий таълим муассасаларининг 14 та филиали фаолият юритмоқда.

Мажлис якунига кўра, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ўндан ортиқ ҳужжат имзоланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1