Самарқанддаги айрим кўчаларда ҳаракат тезлиги чекланиши мумкин

ЖАМИЯТ 03.12.2022, 21:58
Самарқанддаги айрим кўчаларда ҳаракат тезлиги чекланиши мумкин

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг етмиш еттинчи сессиясида Самарқандда автомобиллар тезлигини 60 километр/соатгача чеклаш вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси аҳоли, ҳайдовчи ва йўловчилар ўртасида сўровнома ташкил этиши зарурлиги таклиф этилди.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Шавкат Бойхўрозов ушбу тартиб нима сабабдан жорий этилиши ҳамда қайси ҳудудларга ўрнатилиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

"Самарқанд шаҳрининг М-37А Самарқанд ҳалқа йўлининг 40-43 километрлари оралиқ қисмида 3 йил давомида содир этилган ЙТҲлар сони 29 тани ташкил этган, шундан 6 таси ўлим, 23 таси тан жароҳати билан боғлиқ", — деди Шавкат Бойхўрозов.

Бундан ташқари, Афросиёб кўчасининг Ибн Сино кўчасидан М-37А автомобиль йўлигача бўлган қисми узунлиги 1,7 километр, кенглиги 17 метрни ташкил этиб, 8 та асосий йўл билан туташмалар мавжуд. Бу йўлда охирги 3 йил давомида 7 та ЙТҲ содир этилган.

Шунингдек, Даҳбед кўчасининг Ибн Сино кўчасидан Регистон кўчасигача бўлган қисмининг узунлиги 2,8 километр, кенглиги 15 метрни ташкил этади. Бу йўлда охирги 3 йил давомида 24 та ЙТҲ содир этилган. Шундан 4 таси ўлим, 20 таси тан жароҳати билан боғлиқ. Шу билан бирга, Гагарин кўчасининг Гўрўғли кўчасидан Ўзбекистон кўчасигача бўлган қисми узунлиги 5,3 километр, кенглиги 30 метрни ташкил этади. Охирги 3 йил давомида бу йўлда 13 та ЙТҲ содир этилган.

"Шулардан келиб чиқиб, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳридаги М-37А Самарқанд ҳалқа йўлининг 40-43 километрлар оралиқ қисмида, Афросиёб, Даҳбед ва Гагарин кўчаларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг юқори тезлигини соатига 60 километр этиб белгилаш таклиф этилмоқда", дейилади хабарда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1