Сайёҳлар учун 2023 йилда энг хавфли йўналишлар маълум қилинди

ДУНЁ 06.12.2022, 19:16
Сайёҳлар учун 2023 йилда энг хавфли йўналишлар маълум қилинди

Тиббиёт ва хавфсизлик соҳасига ихтисослашган International SOS ташкилоти 2023 йилда сайёҳлар учун дунёдаги энг хавфли йўналиш Афғонистон эканини таъкидламоқда.

Businesstravelnewseurope.com. сайтининг ёзишича, “Хавфлар харитаси - 2023”, деб номланган мазкур маърузада Афғонистон сайёҳлар учун дунёдаги энг хавфли йўналиш экани айтилади. Ташкилот бу борада Сурияни иккинчи ўринга қўйган. Рўйхатнинг кейинги ўринларида Украина, Мали ва Ирак бормоқда.

Энг эътиборлиси, сайёҳлар учун хавфли давлатлар бўйича аввалги рўйхатларда Украина ва Мали қайд этилмаганди. Қолган мамлакатлар 2022 ва 2021 йилги рўйхатларга ҳам киритилган.

Хавфлилик даражаси юқори эканлигини кўрсатувчи “фавқулодда” тоифасига шунингдек, Марказий Африка Республикаси, Яман, Сомали ва Жанубий Судан, Нигериянинг айрим ҳудудлари, Конго Демократик Республикаси, Покистон, Мозамбик ва Исроил ҳам киради.

Шимолий Африканинг Сахел минтақасида ҳам уруш ва жиноятчилик хавфи юқорилигича қолмоқда. Улар сафига пандемиянинг келтирган ижтимоий-сиёсий оқибатлари натижасида Колумбия ҳам киритилди.

International SOS ўзининг ҳар йилги таҳдидлар рейтингида Европага борадиган сайёҳлар учун хавф қай даражада эканига ҳам баҳо берган. Ҳисоботда таъкидланишича, Украинадаги можарога ҳамда яқинда Буюк Британия, Германия ва Францияда кун кўриш қимматлашгани сабабли ижтимоий норозиликлар бўлиб ўтганига қарамай, Европада вазият «барқарорлигича» қолмоқда.

Дунёда сайёҳлар учун энг хавфсиз давлат Норвегия бўлиб қолмоқда. Финландия, Швейцария, Дания ва Исландия ҳам сайёҳлик учун энг хавфсиз йўналиш ҳисобланади.

Шу билан бирга, ҳисоботда Марказий Осиё минтақасида Афғонистондан ташқари қолган барча мамлакатлар туристлар учун энг мақбул йўналиш экани эътироф этилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1