АҚШнинг Яқин Шарқдаги дипломатик ваколатхоналари минтақада хавфсизлик вазияти кескинлашиши мумкинлигидан огоҳлантириб, америкалик фуқароларни эҳтиёткор бўлишга чақирди. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
19 сентябрь куни АҚШнинг Баҳрайн, Исроил, Ироқ, Иордания, Қувайт, Ливан, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихона ва дипломатик ваколатхоналари хавфсизлик бўйича огоҳлантиришлар эълон қилди.
Хусусан, АҚШнинг Ливандаги элчихонаси фуқароларга ҳушёр бўлишни, эҳтимолий авиарейслар бекор қилиниши, ҳаво ҳудудларининг ёпилиши ва транспорт қатновларидаги узилишлар ҳақидаги маълумотларни кузатиб боришни тавсия қилди.
Дипломатик ваколатхоналар минтақадаги вазият “мураккаб”лигича қолаётганини ва ҳарбий можаро тез суръатларда кенгайиши мумкинлигини қайд этган.
Огоҳлантиришлар Ямандаги ҳусийлар ҳаракати ва Саудия Арабистони ўртасидаги қарама-қаршилик кучайиши эҳтимоли ортидан берилган.
Ҳусийлар 19 сентябрь куни Саудия Арабистонидаги нишонларга баллистик ва қанотли ракеталар ҳамда дронлар ёрдамида ҳужумлар уюштирилганини маълум қилган. Ҳаракат баёнотига кўра, ҳужумлардан бири Ар-Риёддаги нишонларга, яна бири эса Янбу шаҳридаги “Saudi Aramco” объектларига қаратилган.
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция вакили эса қироллик ҳаво мудофааси Ар-Риёд томон учирилган баллистик ракетани тутиб қолганини билдирган. Шунингдек, Байш, Тоиф, Фарасон ва Янбу шаҳарлари ҳам ҳужумларга учрагани айтилган.
Минтақадаги кескинлик фонида АҚШ дипломатик ваколатхоналари фуқароларни хавфсизлик чораларига риоя қилиш ва транспорт қатновларидаги эҳтимолий ўзгаришларга тайёр туришга чақирди.






