АсосийДУНË

Покистон Афғонистондаги зарбаларда 28 нафар жангари йўқ қилинганини билдирди

Афғонистон томони эса авиазарбалар оқибатлари ҳақида бошқача маълумот берган.

'Покистон Афғонистондаги зарбаларда 28 нафар жангари йўқ қилинганини билдирди'ning rasmi

Покистон ҳарбийлари 21 сентябрь куни Афғонистон ҳудудидаги учта нишонга авиазарба берди. Мамлакат Ахборот вазирлигига кўра, операция давомида 28 нафардан ортиқ “террорчи” йўқ қилинган.

Покистон томони зарбалар Афғонистон билан чегара ҳудудида жойлашган “Фитна ал-Хавориж” ва унга алоқадор гуруҳларнинг лагерлари ҳамда бошпаналарига берилганини маълум қилди. Исломобод расмийлари “Таҳрики Толибон Покистон” (ТТП) гуруҳини “Фитна ал-Хавориж” деб атайди.

Расмий баёнотга кўра, нишонлар орасида худкушлик ҳужумларини содир этишга тайёрлов маркази ҳам бўлган. Зарбалар натижасида 28 нафардан ортиқ жангари ва бир нечта худкуш йўқ қилингани, шунингдек, кўп миқдордаги қурол-яроғ ҳамда ўқ-дорилар йўқ қилингани айтилган.

Покистон Ахборот вазирлиги операция Хайбер-Пахтунхва вилоятида сўнгги кунларда содир этилган қатор ҳужумларга жавобан ўтказилганини билдирди.

Бир кун аввал, 20 сентябрь куни Покистон хавфсизлик кучлари Хайбер-Пахтунхванинг Коҳат ва Ҳангу туманларида қуруқликда махсус операция ўтказган. Расмий маълумотга кўра, унда “Фитна ал-Хавориж”нинг 9 нафар аъзоси йўқ қилинган.

Афғонистон томони эса авиазарбалар оқибатлари ҳақида бошқача маълумот берган. “Аму TV” хабар беришича, Покистон қирувчи самолётлари Кунар ва Пактика вилоятларига зарба берган. Кунарда турар жойга ҳам зарба теккани ва 3 нафар тинч аҳоли, жумладан бир аёл ҳалок бўлгани айтилган. Яна 4 киши жароҳатланган.

“Толибон” матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистоннинг Афғонистон ҳудудидаги зарбаларини қоралаган. Шунингдек, у Исломободнинг Афғонистон ҳудудидан жангарилар Покистонга қарши ҳужумлар учун фойдаланаётгани ҳақидаги айбловларини рад этган.

Покистон томони эса Афғонистонда ТТП жангарилари учун бошпаналар мавжудлигини таъкидлаб келади. Икки давлат ўртасида ушбу масала бўйича кескинлик сақланиб қолмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Покистон Афғонистондаги зарбаларда 28 нафар жангари йўқ қилинганини билдирди - Darakchi.uz