Тақдимотда кўчат экиш билан бирга уларни сақлаб қолиш, суғориш ва парваришлашга устувор аҳамият бериш зарурлиги таъкидланди. Давлат раҳбари ишлар самарадорлигини экилган кўчатларнинг 1, 3 ва 5 йилдан кейинги ҳолати асосида баҳолаш кераклигини айтди.

Маълум қилинишича, ўтган йил баҳорида экилган кўчатларнинг маълум қисми қуриб қолган. Бунга ҳудуд иқлими ва тупроғига мос дарахт турларининг танланмагани, сув таъминоти йўқ жойларга кўчат экилиши ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши чораларнинг етарли эмаслиги сабаб бўлган.
Экология қўмитасига ҳар бир маҳалла учун кўчат тури, экиладиган жой ва суғориш тизими акс этган “яшил харита” ишлаб чиқиш топширилди.
Шунингдек, ҳар бир маҳаллага ўрмончи-мураббий бириктирилиб, аҳолига кўчат экиш, суғориш ва парваришлашни ўргатиш таклиф қилинди.

Маҳаллаларнинг “яшил рейтинги”ни жорий этиш ҳам режалаштирилмоқда. Унда яшил майдонлар улуши, аҳоли сонига нисбатан дарахтлар сони, кўчатларнинг тутиб кетиши ва аҳолининг иштироки ҳисобга олинади. Юқори натижа кўрсатган маҳаллаларни қўшимча маблағ ва “яшил” лойиҳалар учун микрогрантлар билан рағбатлантириш таклиф этилди.
Кўкаламзорлаштиришда “3-30-300” тамойилини қўллаш ҳам кўзда тутилмоқда. Унга кўра, ҳар бир инсон яшаш, ишлаш ёки ўқиш жойидан камида учта дарахтни кўриши, ҳудуднинг камида 30 фоизи дарахтлар сояси билан қопланиши ва уйдан 300 метр масофада яшил дам олиш ҳудуди бўлиши керак.
Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт, Бухоро вилоятининг Олот ва Самарқанд вилоятининг Ургут туманларида ушбу ёндашувлар асосида лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Тақдимотда “Yashil AI” модулини тажриба тариқасида ишга тушириш таклифи ҳам билдирилди. Сунъий интеллект орқали тупроқ, иқлим ва сув таъминоти таҳлил қилиниб, қайси ҳудудга қандай дарахт экиш мақбуллиги аниқланади. Шунингдек, кўчатларнинг қуриши, сув танқислиги, касаллик ва зараркунандалар хавфини эрта аниқлаш имконияти яратилади.

Чўлланишга қарши курашиш ва деградацияга учраган ерларни тиклаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди. Ҳар бир ҳудудда 2027 йил 1 июлга қадар намунавий лойиҳа йўлга қўйиш топширилди.
Масъулларга маҳаллаларда дарахт экиш ва парваришлаш маданиятини ошириш, яшил ҳудудларни сақлаш бўйича назоратни кучайтириш вазифаси юклатилди.






