Ўзбекистонда Бухоро амирлари билан яқин алоқада бўлган озарбайжонлик таниқли тадбиркор ҳақида фильм суратга олинади

МАДАНИЯТ 10.12.2022, 13:46
Ўзбекистонда Бухоро амирлари билан яқин алоқада бўлган озарбайжонлик таниқли тадбиркор ҳақида фильм суратга олинади

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ва Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан  Боку шаҳрида ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтмоқда.

Боку медиа марказида ўзбекистонлик ва озарбайжонлик киноижодкорлар учрашуви ўтказилди. Мазкур учрашувда ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳам келишувларга эришилди.

"Икки мамлакат раҳбарлари – Шавкат Мирзиёв ва Илҳом Алиев раҳбарлигида мамлакатларимиз ўртасида турли йўналишларда алоқаларимизни мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ишлар олиб бориляпти. Шу асосда кинематография соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришимиз керак. Бунинг учун эса салоҳият ва имкониятларимиз етарли", - деди Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов. 

Озарбайжонлик ёш киноижодкорлар “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этишганини фахр билан ёдга олишди. Айни пайтда озарбайжонлик кино усталари таниқли жамоат арбоби, бокулик санъат ва маданият ҳомийси, йирик саноат ходими Ҳожи Зайнулобиддин Тағиев ҳақида саккиз қисмли бадиий фильм яратилаётгани, фильмнинг маълум қисми Ўзбекистон ҳудудида суратга олинишини маълум қилишди.

Ҳожи Зайнулобиддин Тағиев (1838-1924) Озарбайжон тарихида катта мавқега эга бўлган тадбиркорлардан бири саналади. У ўз фаолияти давомида мамлакатнинг нефть, озиқ-овқат ва текстиль саноати ривожига катта ҳисса қўшган. Унинг ташаббуси билан Озарбайжоннинг турли ҳудудларида ўнлаб йирик ишлаб чиқариш корхоналари очилган, минглаб кишилар иш билан таъминланган. Тағиев Озарбайжоннинг ташқи савдо алоқаларини мустаҳкамлаш борасида ҳам катта ишларни амалга оширган.

Зайнулобиддин Тағиев ўз даромадининг салмоқли   қисмини ҳайрия ишларига, халқнинг саводхонлик даражасини ошириш, илм-маърифатни ривожлантиришга сарфлаган. Унинг моддий ва маънавий кўмагида мамлакатда қатор таълим муассасалари, матбуот нашрлари ташкил қилинган.

Эътиборли томони Ҳожи Зайнулобиддин Тағиев Марказий Осиё давлатлари, хусусан Бухоро амирлиги билан доимий алоқада бўлган. Амир Абдулаҳадхон, Амир Олимхон ва бошқа давлат арбоблари Тағиев билан тез-тез учрашиб, иқтисодий соҳада музокаралар олиб боришган. Бухоро амирлиги хонадони вакиллари Бокуда Тағиевнинг хонадонида бир неча маротаба меҳмонда бўлишган. Айни пайтда Тағиевнинг Озарбойжон Давлат тарихи музейига айлантирилган шахсий саройида Бухоро ҳукмдорларининг бир қанча эсдалик совғалари сақланади.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов З.Тағиевнинг ҳаёти ва фаолияти бугунги ёш авлод учун намуна бўла олишини, унинг Бухоро амирлиги билан алоқаларини чуқурроқ ўрганиш, кино воситасида бу борадаги маълумотларни томошабинларга етказиш лозимлигини қайд этди. Мазкур сериалнинг маълум қисмларини Ўзбекистонда суратга олинишида зарур ёрдам кўрсатилиши, сериални яратишда ўзбек санъаткорлари ҳам бевосита иштирок этиши мумкинлигини таъкидлади.

Озарбайжонлик киноижодкорлар бу масалада ҳамкорликка тайёр эканликларини айтиб, мазкур таклиф учун самимий миннатдорлик билдиришди.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1