Озарбайжонда Ўзбекистон киноси кунлари бўлиб ўтмоқда

МАДАНИЯТ 08.12.2022, 10:53
Озарбайжонда Ўзбекистон киноси кунлари бўлиб ўтмоқда

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ва Озарбойжон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан Боку шаҳрида Ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтмоқда.

Боку шаҳридаги Низомий номли кино саройида Ўзбекистон киноси кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Кинематография агентлиги делегацияси , Озарбойжон Маданият вазирлиги, Ўзбекистоннинг Озарбйжондаги элчихонаси вакиллари, кино ихлосмандлари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов кириш сўзи билан очди.

“Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Озарбойжон Республикаси Презиленти Илҳом Алиев ташаббуслари билан мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқалар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Икки мамлакатда миллий кино кунларини ўтказиш яхши анъанага айланди. Бундан кейин ҳам киноижодкорларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликни ривожлантириш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёрмиз”, - деди Фирдавс Абдухолиқов.


Очилиш маросимида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева, ўзбекистонлик таниқли кинорежиссёр Элдор Мамедов, Озарбойжон давлат фильм фонди директори Жамил Гулиев ва бошқалар икки мамлакат киноижодкорлари ҳамкорлиги хусусида тўхталиб ўтдилар. 

Қайд этилганидек, Озарбойжон киносининг беназир намуналари кириб бормаган ўзбек хонадонини топиш мушкул. Озарбойжон киноусталари томонидан яратилган “Аршин мол-олон”, “Қайнона” сингари ўлмас фильмларни ўзбек томошабинлари бугун ҳам  завқ-шавқ билан томоша қилишади. “Тоҳир ва Зуҳра”, “Ўтган кунлар", “Тошкент – нон шаҳри”,  каби ўзбек кино картиналари қардош томошабинлар учун ҳам қадрдон бўлиб қолган.

Ўлмас Алихўжаев Шукур Бурхонов, Тамара Шокирова  сингари ўзбек актёр ва актрисалари Озарбойжон картиналарида роль ўйнаган бўлишса, Расим Балаев, Тариэль Гасимов сингари Озарбойжон санъаткорлари ўзбек фильмларида бетакрор образлар яратишган. Ўзбек ва озарбойжон киноусталари ҳамкорлигида яратилган "Учрашув", "Қизил поезд", “Шерали ва Ойбарчин” бадиий фильмлари минглаб томошабинлар қалбидан жой олган.

2021 йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қайта тикланган “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалида озарбойжонлик киноижодкорлар  фаол иштирок этиб келишмоқда. Айни дамда икки давлат киноусталари ҳамкорлигида Хўжа Насриддин ҳақида бадиий фильми суратга олинмоқда.

Ўзбекистон киноси кунлари ўзбекистонлик кирорежиссёр Элдор Мамедов суратга олган "Азалий дўстлик ва қардошлик" ҳужжатли фильми билан бошланди. Фильмда икки халқ ўртасидаши тарихий ва маданий алақалар, муштарак қадриятлар, ҳар икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар ҳақида ҳикоя қилинади.

Кино кунлари доирасида озарбойжонлик кино мухлисларига "Аёл қисмати", ,"Барон 2: Соғинч", "Мақсуд Шайхзода" сингари бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиш этилиши кутилмоқда.

Шунингдек, кино кунлари доирасида 7 декабрь куни ўзбекистонлик киноижодкорларни Озарбойжон Республикаси Маданият вазири Анар Каримов қабул қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки халқ ўртасидаги маданий алоқалар узоқ тарихга бориб тақалишини қайд этди.

Ўзи навбатида Анор Каримов кино соҳасида янги-янги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш учун тайёр эканини билдирди.

Озарбойжонда Ўзбекистон киноси кунлари давом этмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1