1

Тошкентда “Озарбайжон-Ўзбекистон-Туркия дўстлик концерти” ўтказилди

МАДАНИЯТ 10.12.2022, 20:37
Тошкентда “Озарбайжон-Ўзбекистон-Туркия дўстлик концерти” ўтказилди

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳаси асосида бу йил таниқли озарбайжон шоири Аҳмад Жавод таваллудининг 130 йиллиги муносабати билан бир қатор тадбир ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Озарбайжон Маданият Марказининг буюртмасига биноан Ўзбекистон Халқ чолғулари оркестри Аҳмад Жавод асарлари асосида махсус концерт дастурини тайёрлади.

Жорий йилнинг 9 декабрь куни Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика университетида бўлиб ўтган концертда Ўзбекистондаги Озарбайжон Маданият Маркази, Озарбайжон, Туркия элчихоналари дипломатлари, Ўзбекистон-Озарбайжон Дўстлик Жамияти раҳбарияти, Ўзбекистоннинг таниқли фан, маданият, таълим соҳаси вакиллари, ўқитувчи ва талабалар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбирни Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика университети ректори, профессор Абдуғаффор Қирғизбоев кириш сўзи билан очиб, туркий давлатлар ўртасидаги алоқалар кун сайин мустаҳкамланиб бораётгани, тили, дини, маданияти, урф-одатлари бир хил бўлган халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ҳақида батафсил тўхталди. Шунингдек, ректор озарбайжон шоири Аҳмад Жавод таваллудининг 130 йиллиги муносабати билан ташкил этилган концерт дастури истиқлол шоирлари, давлат мадҳиялари муаллифлари Аҳмад Жавод, Абдулла Орипов, Меҳмет Акиф Эрсойга бағишланганини таъкидлади.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббасов Озарбайжон Туркий давлатлар билан, хусусан, Ўзбекистон билан муносабатларга алоҳида аҳамият бераётганини таъкидлаб, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга йил давомида 3 марта ташриф буюргани, ушбу учрашувлар Ўзбекистон билан олиб борилаётган барча соҳаларда бўлгани каби,  маданий алоқаларни ҳам янада ривожлантиришига ҳисса қўшажагини қайд этди. Дипломат маънавият етакчилари бўлган Аҳмад Жавод, Абдулла Орипов, Меҳмет Акиф Эрсой ижодида ўхшашликлар кўплигини таъкидлаб, давлатига, истиқлолга содиқ қолган бу фидойи зиёлилар билан ҳар бир ватандош фахрланиши кераклигига эътибор қаратди.

Туркиянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси котиби Буғра Доған, Анқарадаги Турк тарихи ва маданияти жамғармаси раҳбари Низомиттин Айқурт ўз чиқишларида дўстлик концерти ғоясини юқори баҳолаб, Озарбайжон Маданият Марказига лойиҳа учун миннатдорчилик билдиришди. Сўзга чиққанлар бу уч истиқлол шоир томонидан ёзилган миллий мадҳиялар Ватанга муҳаббат ва Туркий халқларнинг истиқлолга бўлган ишончини ифода этиб, мустақиллик истагини абадиятга муҳрлашини таъкидлашди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Давлат Консерваторияси Халқ Чолғулари оркестри ижросида дўстлик концерти бошланди. Аввало, оркестр томонидан Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия давлат мадҳиялари ижро этилди.

Концертда оркестр ижросида Аҳмад Жаводнинг “Жон Озарбайжон”, “Чайқалади Қора денгиз”, “Шукрия”, “Лолалар”, Абдулла Ориповнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”, “Улуғимсан Ватаним”, шунингдек, Меҳмет Акиф Эрсойнинг бир қатор асарлари томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1