Бугунги кунда биринчи чорак якунигача 2 млн 346 минг нафар мигрант чет элда ишламоқда. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Азим Аҳматов матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, бу рақамлар эълон қилингандан сўнг 400 минг нафарга яқин мигрант Ўзбекистонга қайтиб келган. Хориждагиларнинг 1,5 млн нафари Россияда бўлиб, уларнинг деярли 200 минг нафари норасмий ишламоқда. Корея Республикасида 64 минг Ўзбекистон фуқароси ишлаётган бўлса, ундан 13 минг нафари норасмий фаолият кўрсатяпти.
Азим Аҳматовнинг сўзларига кўра, жаҳон тажрибаси ҳамда халқаро ташкилотлар тавсиясида ҳам меҳнат мигрантлари тўғрисидаги маълумотлар фақат 3 та манбага асосан, яъни сўровномалар ўтказиш, маъмурий манбалар орқалива турли илмий таҳлиллар ва аҳоли ўртасида ўтказилган рўйхатга олиш жараёнида шакллантирилади. Шу сабабли бу ҳақдаги маълумотларни ҳар куни янгилаб бориш имконияти чегараланган.
«Шунинг учун, ҳозирда ўртача 2 млн нафардан ортиқ фуқаро чет элда меҳнат миграциясини ўтаяпти, деб айта оламиз», — деди агентлик бошқарма бошлиғи.
Шунингдек, кейинги йилларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида ишлаш учун расмий йўллар билан хорижга кетаётганлар сони ошди.






