"Ал-Наср" ҳужумчиси Криштиану Роналду 2026/2027 йилги мавсумдан кейин футболчилик фаолиятини давом эттириш ёки якунлаш борасида ҳали бир қарорга келмаган. 41 ёшли португалиялик футболчи келажаги ҳақидаги якуний қарорни мавсум тугаганидан кейин қабул қилмоқчи. Бу ҳақда "Yalla Sport" нашри хабар берди.
Манбага кўра, Роналду яқинларига ҳали фаолиятини якунлашга тайёр эмаслигини айтган. Ҳужумчи мавсум тугагач, аввало вазиятни баҳолаб, шундан кейингина келгуси режалари ҳақида қарор қабул қилмоқчи.
Роналду 2023 йил январидан буён "Ал-Наср" сафида тўп сурмоқда. Унинг Саудия Арабистони клуби билан шартномаси 2027 йил ёзига қадар амал қилади. Португалиялик футболчи жамоа таркибида барча мусобақаларда 161 та расмий учрашувда майдонга тушиб, 139 та гол урган ва 23 та голли узатмани амалга оширган.
Маълумот учун, Роналду фаолияти давомида Португалиянинг "Спортинг", Англиянинг "Манчестер Юнайтед", Испаниянинг "Реал Мадрид" ва Италиянинг "Ювентус" клубларида ҳам тўп сурган. У беш карра Чемпионлар лигаси ғолиби ва беш карра "Олтин тўп" соҳиби ҳисобланади.






