Украина Президенти Владимир Зеленский Россия ҳужумлари, АҚШнинг ҳарбий ёрдами ва тинчлик музокаралари ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, у АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Россия Президенти Владимир Путинни “дўстим” деб атаганига муносабат билдириб, Украина олдида турган оғир қиш ҳақида гапирди. Бу ҳақда Зеленский BBC мухбирига берган интервьюсида айтди.
Интервью 26 ноябрь куни Зеленскийнинг Киевдаги қароргоҳида бўлиб ўтган. Суҳбатда Украина Президенти АҚШнинг ҳарбий ёрдами юзасидан норозилигини билдирган. Унинг айтишича, баллистик ракеталарга қарши мудофаа тизимлари учун зарур ракеталар етказиб берилишидаги кечикишлар украиналиклар ҳаётига хавф туғдирмоқда. Зеленский, шунингдек, Вашингтон тинчлик музокараларида Россияга етарлича босим ўтказмаётганини айтган.
21 ноябрь куни Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Владимир Путин билан қучоқлашиб тушган суратини “дўстим” деган ёзув билан жойлаган. Зеленский бу постга муносабат билдириб, Трампнинг ҳаракатини ғалати деб атаган.
“АҚШ бу борада қандай йўл тутиши ўз ихтиёрида, бироқ унинг Путин билан бундай муносабатда бўлиши менга ғалати туюлади. Бу Иккинчи жаҳон уруши вақтида кимдир Гитлерни яхши дўст деб аташига ўхшайди. Путин тажовузкор ва қотил. Бундай инсонни дўст деб бўлмайди”, — деди Зеленский.
Ноябрь ойи бошида Абу-Дабида АҚШ, Украина ва Россия делегациялари ўртасида тинчлик музокаралари бўлиб ўтган. Томонлар асосан Украинанинг хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилган, бироқ музокараларнинг сўнгги босқичида сезиларли натижага эришилмаган. Зеленскийнинг айтишича, музокаралар декабрь ойида қайта бошланиши кутилмоқда. У Россияга босим ўтказа оладиган “ҳақиқий ва ишончли иттифоқчилар” зарурлигини таъкидлаган.
“Агар тажовузкорга нисбатан бетарафликни ҳаддан ташқари сақлашга ҳаракат қилинса, бу жабрланувчилар билан бир қаторда тажовузкорни ҳам қўллаб-қувватлашни англатади. Бу мутлақо нотўғри ёндашув”, — деди Украина Президенти.
АҚШ Россия ва Украина ўртасида тинчлик келишувига эришиш бўйича мураккаб музокараларда нейтрал позицияни эгаллаётганини билдирмоқда. Айни пайтда Украина ҳаво ҳужумларидан ҳимояланишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Матнда келтирилишича, Россия баллистик ракеталар билан электр станциялари ва кўприкларни нишонга олмоқда. Реактив двигателли дронлар эса Киев маркази ва бошқа йирик шаҳарларга ҳар куни ҳужум қилмоқда.
Украина бунга жавобан Россиядаги нишонларга юзлаб дронлар билан зарба бермоқда. Зеленскийнинг айтишича, Украина душман дронларининг қарийб 70 фоизини йўқ қилишга қодир ва бу кўрсаткич ошиб бормоқда. Бироқ мамлакат баллистик ракеталарни тутиб қолишга мўлжалланган ракеталар тақчиллигига дуч келган. Зеленский АҚШ Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар етказиб беришни кечиктираётганини билдирган.
“АҚШ Яқин Шарққа устувор аҳамият бериб, у ерга кўпроқ ёрдам йўналтираётгани ачинарли. Бу масалада жавобсиз саволларимиз кўп. Ракеталарнинг етишмаслиги эса, аслида, инсонлар ҳаёти билан боғлиқ”, — деди Зеленский.
Шунингдек, у Илон Маскнинг SpaceX компаниясига тегишли Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимидан Украинанинг босиб олинган ҳудудларида фойдаланиш чекланганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу Украинага Россиянинг Shahed дронларини уриб туширишда қийинчилик туғдирмоқда.
“Бу қарорнинг техник томони SpaceX’га тегишли, аммо сиёсий жиҳати ҳақида аниқ маълумотга эга эмасман. Ҳозирги вазият пинг-понг ўйинини эслатади: биз бир томонга мурожаат қиламиз, улар эса масъулиятни бошқа томонга юклайди”, — дея изоҳ берган Зеленский.
Сўнгги ҳафталарда Украина Россиядаги нишонларга, жумладан, нефтни қайта ишлаш заводлари, қурол-яроғ ёки ёнилғи ташиётган кемаларга зарбалар беришни кучайтирган. 26 ноябрь куни Италия Бош вазири Жоржа Мелони Ливияда Россия ҳарбий кемасининг чўктирилиши урушнинг Ўрта ер денгизига ёйилиш хавфини туғдираётганини айтган. Зеленский эса мазкур ҳужумни оқлаб, “Меркурий” ҳарбий кемасини “мутлақо қонуний нишон” деб атаган.
Украина Президенти бундай зарбалар жуда хавфли эканини тан олган. Бироқ иттифоқчилар билан мувофиқлаштирмасдан “ҳеч бир ҳужум амалга ошмаслигини” билдирган. Зеленский бу борада бошқа тафсилотларни ошкор қилмаган.
Зеленский Украина оғир ва хавфли қишга тайёргарлик кўраётганини ҳам таъкидлаган. Унинг айтишича, сўнгги пайтларда Киевга уюштирилган ҳужумларда Днепр дарёси устидаги кўприклар нишонга олинмоқда. Бу зарбалар шаҳарнинг транспорт ва логистика алоқаларига таъсир кўрсатмоқда.
“Қиш арафасида айрим аҳоли шаҳарни тарк этди, баъзи корхоналар эса ишини тўхтатишга мажбур бўлди. Электр таъминотидаги узилишлар ва логистика инфратузилмасига берилаётган зарбалар бизнес харажатларини тоқат қилиб бўлмас даражага етказди. Шу сабабли шаҳарнинг катта қисми қоронғуликда қолмоқда. Россия бизни пойтахтни ташлаб чиқиб кетишга мажбурламоқчи. Аммо аҳоли шаҳарни тарк этган тақдирда ҳам, биз пойтахтимизни ҳар қандай йўл билан ҳимоя қилишда давом этамиз. Чунки пойтахтсиз мамлакат бўлмайди”, — дея хулоса қилган Зеленский.






