Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакат чегараларини мустақил қўриқлашга ўтиш ниятини билдирди. Унинг айтишича, келгуси йилларда республика ўз чегаралари учун масъулиятни тўлиқ ўз зиммасига олиши керак.
Бу ҳақда Пашинян 26 ноябрь куни маълум қилди.
"Келгуси йилларда чегараларимиз учун масъулиятни тўлиқ ўз зиммамизга олиш вақти келди", — деди Арманистон Бош вазири.
Пашиняннинг сўзларига кўра, бу жараён Европа Иттифоқи билан виза режимини либераллаштиришга тайёргарлик доирасида чегара хизматини ислоҳ қилиш билан боғлиқ. У аввалроқ ҳам ўрта муддатли истиқболда мамлакат чегараларини тўлиқ назоратга олишга умид қилаётганини айтган.
Арманистон Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) чегара хизмати кўмагидан воз кечиш режасини Пашиняннинг Москвага ташрифидан бир ҳафта олдин маълум қилди.
Россия чегарачилари Арманистонда 1992 йил 30 сентябрдаги шартнома асосида хизмат олиб боради. Улар Туркия ва Эрон билан чегараларни қўриқлашда иштирок этади.
Ереван сўнгги йилларда Россия чегарачиларининг мамлакатдаги иштирокини босқичма-босқич қисқартириб келмоқда. 2024 йил августда ФХХ ходимлари "Звартноц" халқаро аэропортини тарк этган. 2025 йил январда Эрон билан чегарадаги "Агарак", февраль ойи охирида эса Туркия билан чегарадаги "Маргара" назорат-ўтказиш пунктларидаги хизматини тўхтатган.
2026 йил сентябрида Пашинян 1995 йилдан бери Гюмрида жойлашган Россиянинг 102-ҳарбий базаси мавжудлиги заруратини ҳам шубҳа остига олган. Унинг таъкидлашича, база Арманистон хавфсизлиги учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга эмас.
Ереван ва Москва ўртасидаги муносабатлар 2024 йил февраль ойида кескинлашган эди. Ўшанда Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги (КХШТ) иштирокини музлатиб қўйган ва Россияни Озарбайжон билан можаро пайтида республика хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятларини бажармаганликда айблаган.
Пашинян ташкилотни "пуфак-иттифоқ" деб атаб, Арманистоннинг унга қизиқиши қолмаганини билдирган.
11 ноябрь куни Москвада бўлиб ўтган КХШТ саммитида блок иштирокчилари аъзолик бадаллари бўйича қарздорлик сабабли Арманистонни овоз бериш ҳуқуқидан ва ўз вакилларини тайинлаш имкониятидан маҳрум қилган.






