Лойиҳага кўра, ҳаво ифлосланиши белгиланган даражага етганда корхоналар фаолиятини қисқартириш, автомобиллар ҳаракатини чеклаш ва қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиш мумкин. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ишлаб чиққан қарор лойиҳасида сўз боради.
Лойиҳага мувофиқ, ҳаво ифлосланиши "қизил" ёки "бинафша" даражага етса, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш даражаси бўйича I ва II тоифага кирувчи корхоналар зарарли моддалар чиқарилишини камайтириш учун ишлаб чиқариш қувватларини вақтинча пасайтириши керак бўлади. Стратегик объектлар ҳамда алоҳида ҳуқуқий режимга эга объектлар бундан мустасно. Талабларга риоя этилишини экоинспекция назорат қилади.
Шунингдек, вилоят ва шаҳар марказлари ҳамда уларга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналарда ёқилғи сифатида бу мақсад учун мўлжалланмаган материаллардан фойдаланишнинг олдини олиш бўйича мунтазам рейдлар ўтказиш белгиланмоқда.
Ноқулай метеорологик шароитларда энергетика корхоналарига мазутдан ёқилғи сифатида фойдаланишни тақиқлаш ҳам таклиф этилган. Энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш учун зарур бўлган авария ва фавқулодда вазиятлар бундан мустасно.
Лойиҳага кўра, вилоят ва шаҳар марказларида ҳаво сифати ёмонлашган ҳолларда катта юк кўтариш қувватига эга юк автомобиллари ҳаракатини вақтинча чеклаш ёки уларни айланма йўлларга йўналтириш мумкин. Зарур ҳолларда транспорт воситаларининг давлат рақамларига қараб, тоқ ва жуфт кунларда ҳаракатланиш тартиби жорий этилиши мумкин. Электромобиллар ва махсус транспорт воситаларига чекловлар татбиқ этилмайди.
Бундан ташқари, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг асослантирилган таклифига кўра, транспорт ҳаракати вақтинча чекланадиган кўчалар ва йўл участкалари белгиланиши мумкин.
Ҳаво сифати ёмонлашган даврларда шаҳар марказлари ва аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда қурилиш ишларини вақтинча чеклаш таклиф этилмоқда. Қурилиш майдонларида чангни бостириш ускуналари ва технологияларидан мажбурий фойдаланиш, материалларни ёпиқ ҳолда сақлаш ва ташиш, ҳудудни мунтазам намлаш ҳамда чанг тарқалишини камайтиришга қаратилган бошқа талабларга амал қилиш белгиланмоқда.
Шу билан бирга, табиий чанг кўтарилиши кучайиб, ҳаво сифати ёмонлашган вазиятларда ҳокимликлар шаҳарлардаги мавжуд фаввораларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши керак бўлади. Марказий кўчалар, жамоат жойлари ва яшил ҳудудларни суғориш ҳамда намлаш ишлари ҳам кучайтирилади.
"Қизил" ва "бинафша" даражалар нимани англатади?
Ҳаво ифлосланишининг "қизил" даражаси зарарли моддалар концентрацияси рухсат этилган меъёрдан ошиб, аҳолининг катта қисми саломатлигига салбий таъсир кўрсатиш хавфи юзага келишини англатади. "Бинафша" даража эса ҳавонинг юқори даражада ифлосланганини ва чекловчи ҳамда профилактик чоралар кўриш зарурлигини билдиради.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси 12 декабрга қадар давом этади.






