Президент мурожаатномасида қайд этилишича, 2023 йилда тайёр маҳсулотлар экспортини қўшимча 4 миллиард долларга ошириш асосий мақсад бўлади.
"Бу йил бошланган “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури ўз самарасини бермоқда. Бир йилнинг ўзида 2 мингга яқин тадбиркорлар илк бор ташқи бозорларга чиқди. Келаси йилда ҳам, экспорт қилувчиларга транспорт ва бошқа харажатларини компенсация қилиш давом эттирилади.
Европа бозорларига текстиль, электротехника, чарм-пойабзал ва бошқа тайёр маҳсулотлар экспортини камида 2 баробар оширамиз. Маҳсулотлар экспорти бўйича ҳозирги 9 та босқичли божхона расмийлаштируви 3 баробарга қисқаради.
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича асосий музокараларни якунлаб, ички қонунчиликни мослаштириш, янги стандартларни жорий этиш ишларини жадаллаштирамиз.
Умуман, 2023 йилда экспорт ҳажми тарихимизда илк бор 23 миллиард доллардан ортади (2018 йилда 14 миллиард доллар бўлган)", - деди Шавкат Мирзиёев.