Сўнгги воқеаларга қадар “Док-1 Макс” дори воситасининг бирор ножўя таъсири кузатилганмиди? Ушбу саволга АОКАда бўлиб ўтган брифингда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Қизлархон Бегматова жавоб берди.
"“Док-1 Макс” дори воситаси 2012 йилдан бери Ўзбекистон тиббиёт амалиётида қўлланилиб, жиддий ножўя таъсирлар берганлиги ҳақида агентлик ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази”га мурожаат келиб тушмаган. Яъни, шу пайтгача таъсир этувчи моддалар ва қўшимча моддаларнинг организмга салбий таъсири аниқланмаган.
“Док-1 Макс” дори воситасининг организмга салбий таъсири кузатилган сериясининг сертификатлаштириш жараёнидаги текширувлари натижалари ушбу дори воситасининг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини кўрсатган.
Лекин, минг афсуски, дори воситаси тегишли серияларининг организмга салбий таъсири кузатилган. Бу ҳақида сигнал келиб тушганидан кейин, дори воситасининг барча сериялари лаборатория текширувларидан ўтказилди. Бунда нафақат таъсир этувчи моддалар, балки унинг таркибидаги қўшимча моддалар ҳам ўрганилди. Ва натижада дори воситаси таркибидаги қўшимча моддалардан бирининг ўзгарганлиги аниқланди", - дея изоҳ берди матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда "Dok-1 Maks" дори воситасидан болалар ўртасидаги ўлим ҳолатларининг аниқланган эди. Шундан сўнг ССВ Ўзбекистонда "Dok-1 Maks" дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олишни бошлади ва сироп иши бўйича ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Ҳозирча, дорининг салбий таъсири оқибатида вафот этган болалар сони 20 нафарга етган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medical” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Ушбу воқеалар ортидан Қирғизистонда ҳам “Dok-1 Maks” дори воситаларини сотиш тақиқланди.






