1

"Ўзбекнефтгаз": Декабрь ойида умумий газ захираси 6,7 млрд куб метрдан кўп бўлган иккита янги кон очилди

ИҚТИСОДИЁТ 31.12.2022, 11:32
"Ўзбекнефтгаз": Декабрь ойида умумий газ захираси 6,7 млрд куб метрдан кўп бўлган иккита янги кон очилди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида бир қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бухоро вилояти ҳудудида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида амалга оширилган нефть ва газ геология-қидирув ишлари доирасида жорий йилнинг декабрь ойида 2 та янги – “Мойқудуқ” ва “Янги Тегирмон” газконденсат конлари очилди.

Ушбу конлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Давлат геология қўмитаси мутахассислари ҳамкорлигида олиб борилган комплекс чора-тадбирларни муваффақиятли амалга ошириш натижасида аниқланди.

Мукаммал таҳлилларга таянган ҳолда “Мойқудуқ” ва “Янги Тегирмон” конларида дастлабки 1-сонли қудуқлар қисқа муддатларда мос равишда 2670 ва 2140 метр чуқурликгача муваффақиятли бурғилаб тугатилди.

Қудуқлардаги истиқболли қатламларнинг табиий газга маҳсулдорлигини баҳолаш мақсадида бажарилган синов-ўзлаштириш ишлар натижасида уларнинг ҳар биридан кунлик 150-125 минг куб метр миқдорида табиий газ маҳсулоти олиниб, “Янги Тегирмон” ва “Мойқудуқ” янги газконденсат конларининг очилишига эришилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, “Мойқудуқ” ва “Янги Тегирмон” конларида мос равишда 1,7 ва 5,0 млрд куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда умумий 150 минг тоннадан ортиқ газ конденсати хом ашёси заҳиралари мавжудлиги башорат қилинмоқда.

Ҳозирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан табиий газ қазиб чиқаришни оширишни таъминлаш мақсадида ушбу конларда навбатдаги 2-сонли қудуқларни бурғилаш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан юқоридаги тадбирларни самарали бажариш орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида Республикада геология соҳасини ривожлантириш ва унинг барча бўғинларида ислоҳотларни олиб бориш, шунингдек бу борадаги келгуси 10 йиллик дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда 6 минг метрдан ортиқ чуқурликларда янги газ конларини топиш каби мақсадли вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсад қилинган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1