1

Ўзбекистон Президенти ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни илгари сурди

СИЁСАТ 12.01.2023, 15:27
Ўзбекистон Президенти ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни илгари сурди

Ўзбекистон Президенти 12 январь куни Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди раислигида онлайн шаклда ўтказилган “Глобал Жануб овози” саммити ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумот учун: Ҳиндистоннинг “Катта йигирматалик”ка (G20) раислиги доирасида ташкил этилган тадбирда Вьетнам Республикаси Президенти Нгуен Суан Фук, Гайана Республикаси Президенти Муҳаммад Ирфон Али, Мозамбик Республикаси Президенти Филипе Ньюси, Сенегал Республикаси Президенти Маки Салл, Бангладеш Халқ Республикаси Бош вазири Шайх Хасина, Мўғулистон Бош вазири Лувсаннамсрайн Оюун-Эрдэнэ, Таиланд Қироллиги Бош вазири Прают Чан Оча, Камбоджа Қироллиги Бош вазири Хун Сен ва Папуа - Янги Гвинея Мустақил Давлати Бош вазири Жеймс Марапе қатнашган.

Қайд этилишича, кун тартибига мувофиқ, инсон манфаатларига йўналтирилган барқарор ривожланиш масалалари муҳокама қилинди, ривожланаётган мамлакатларнинг манфаатларини илгари суриш ва долзарб муаммоларини ҳал қилиш мақсадида, шу жумладан иқтисодиёт, экология, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш, инновациялар, туризм ва бошқа йўналишлардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан фикр ва аниқ таклифлар алмашилган.

Ўзбекистон Президенти Ҳиндистоннинг G20га раислигини қўллаб-қувватлаб, кун тартибидаги масалалар юзасидан қуйидаги амалий таклифларни илгари сурган:

  • Мавжуд халқаро савдо тизимини “Глобал Жануб овози”ни эътиборга олган ҳолда такомиллаштириш;
  • Асосий бозорларга чиқишда ҳамон турли тўсиқ ва чекловларга дуч келаётган ривожланаётган мамлакатларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратиш;
  • Ривожланаётган давлатларнинг энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, глобал логистика ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш, инвестиция ва энг замонавий технологияларни жалб этишда кўмаклашиш;
  • Афғонистон орқали Ҳинд океанига чиқадиган темир йўлни қуриш лойиҳасини фаол илгари суриш;
  • Жаҳоннинг етакчи давлатлари кўмагида “Глобал Жануб” учун “яшил” технология ва инновациялар ахборот банкини яратиш;
  • Инсон капиталини ривожлантириш ва профессионал таълим сифатини ошириш;
  • “Жануб ёшлари овози” доимий мулоқот платформасини ташкил этиш;.
  • Афғонистон муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро мулоқот гуруҳини шакллантириш таклифини қўллаб-қувватлаш.

 Онлайн-саммитда билдирилган таклиф ва ташаббуслар ривожланаётган мамлакатларнинг манфаатларини илгари суришга, инсон манфаатига йўналтирилган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Сўзининг якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти дўст Ҳиндистон халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам – Республика куни билан самимий табриклади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1