Ўзбекистон аҳолиси топган даромадининг 40-50 фоизини озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш учун сарфламоқда. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бугун - 31 январь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис қонунчилик палатаси мажлисида маълум қилди, дея хабар бермоқда "Darakchi.uz" мухбири Ойбек Шукуров.
Жамшид Қўчқоровнинг таъкидлашича, 2022 йилда мамлакатда озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажми 20 фоизга ўсган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йилда бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қилишди.
Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида таъкидланишича, Ҳукумат томонидан Давлат дастури ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирлар кўрилган. Натижада, 2022 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,7 фоизни, шундан ялпи ички маҳсулот таркибида саноат – 105,2 фоизни, хизматлар – 108,5 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги – 103,6 фоизни ташкил қилган. Давлат буджетининг жами харажатлари 236,6 трлн. сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 177,7 трлн. сўмни ташкил қилди.
Давлат дастури ижроси доирасида мактабгача таълимдаги қамров даражасини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилди. Масалан, 647 655 нафар 6 ёшли болалар (90 фоиз) мактабга тайёрлов тизими билан қамраб олиниб, қамров даражаси 67 фоиздан камида 90 фоизга етказилди. Шу билан бирга, 2048 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди.
Мактабларда таълим сифатини ошириш, педагог-кадрларнинг билими ва малакасини халқаро даражага олиб чиқиш мақсади бўйича ҳам қатор ишлар қилинди. Жумладан, педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказларида 100 минг нафар, махсус платформа орқали 44 979 минг нафар ўқитувчилар малакаси оширилди. Йил бошига нисбатан тоифага эга ўқитувчилар сони 220 110 нафардан 325 818 нафарга ёки 43,8 фоиздан 64,8 фоизга оширилиши таъминланди.
Парламентга тақдим этилган ҳисоботда қайд этилганидек, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, тиббий хизматларни марказлаштириш ва аҳолини тиббий суғурталаш амалиётини жорий қилиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, 106 та оилавий шифокор пункти ва поликлиника, 1000 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Бу орқали 3,5 млн. аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди. Илғор хорижий тажрибалар асосида аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматга бўлган эҳтиёж баланси ишлаб чиқилди. "Тиббиёт бригадалари"га қўшимча 3 600 та педиатрия ҳамшираси ва доя штатлари ажратилди. Оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилди.
Шу билан бирга, 820 та бирламчи тиббиёт муассасасига ташхис ускуналари етказиб берилди. Оилавий поликлиникаларда 19 мингдан зиёд кундузги шифо ўринлари ташкил этилди. Бунинг натижасида 740 минг аҳолига шифохонага бормасдан, маҳалланинг ўзида даволаниш имконияти яратилди.
Мажлисда айтилишича, 2022 йилда давлат буджетининг жами харажатлари 236,6 триллион сўмни ташкил этган. Шундан ижтимоий соҳага 178 триллион сўм йўналтирилган ва бу харажатлар миқдори 2021 йилга нисбатан 26 фоизга ошган. Геологик лойиҳалар амалга оширилиши натижасида олтин захираси 15 тоннага, кумуш 21 тоннага, мис 20 000 тоннага, вольфрам 1,5 минг тоннага, оҳактош 1,4 миллион тоннага ортган.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Давлат дастурининг иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратдилар. Депутатлар ҳисобот даврида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароитлар яратиш, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга, экспортдаги улушини эса 60 фоизга етказиш бўйича қилинган ишларни ижобий баҳоладилар. Ўз навбатида, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, миллий иқтисодиётнинг драйвери булган тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга каратилган сиёсатни давом эттириш, ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳаларни молиялаштириш механизмларининг сифатли ва самарали ижросини таъминлаш бўйича қатор таклифлар бердилар. Иқтисодиётнинг устувор тармоқларини, хусусан, энергетика соҳасида трансформация жараёнларини жадаллаштириш зарурлигига эътибор қаратишди.
ЎзМТДП фракцияси депутатлари таъкидлаганидек, фракция йиғилишида мактаб ёшигача бўлган болаларни мактабга тайёрлов гуруҳларига жалб этиш, бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда миллий кино соҳасини ривожлантириш борасида белгиланган вазифалар ижроси атрофлича кўриб чиқилди. Шундан келиб чиқиб, фракция таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, педагог ва тарбиячилар тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш юзасидан таклифлар бериб, амалий ишларга кўпроқ аҳамият қаратиш кераклигини илгари суришди.
"Адолат" СДП фракцияси аъзолари коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш чоралари кўрилаётганини эътироф этиш билан бирга, амалиётда бу борада ҳали-ҳануз айрим муаммолар, хусусан, инсон омили сақланиб қолаётганлиги, шу боис, айрим соҳаларда коррупцияни келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида рақамли технологияларни кенг жорий этишни янада кенгайтириш лозимлигини қайд этдилар.
ЎзХДП фракцияси аъзолари таъкидлаганидек, "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари" аҳолининг ижтимоий ҳимоясида муҳим қадам бўлди. Бу орқали, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқлаш, уларга тизимли ёрдам кўрсатиш, уларни камбағалликдан чиқариш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Шу боис, фракция аъзолари жорий йилда мазкур йўналишдаги ишларни давом эттириш, ушбу тизимни янада такомиллаштириш, камбағал аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш Ҳукумат фаолиятининг асосий йўналиши бўлиши керак, деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси вакиллари ҳудудларнинг экологик ҳолатини яхшилаш мақсадида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида йил давомида 200 млн.дан зиёд дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалари экилиб, электрон платформага киритилгани, аҳолини санитар тозалаш хизмати билан қамраб олиш даражаси 95 фоизга, чиқиндиларни қайта ишлаш 32,4 фоизга етказилганини эътироф этиб, атроф муҳитга таъсири хавфи юқори даражадаги объектларнинг ифлослантирувчи манбаларидан автоматик равишда намуналар олиш учун автоматик станцияларни ўрнатиш бўйича ишларни белгиланган муддатларда якунлаш юзасидан таклифлар беришди.
Мажлисда Қонунчилик палатасининг Буджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Ш.Назаров Давлат дастури ижроси бажарилиши юзасидан амалга оширилган қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил тадбирларига тўхталиб ўтишди. Хусусан, ҳисобот даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан инсон қадрини юксалтириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида интенсив технологияларни жорий этишни жадаллаштириш, ижтимоий соҳани равнақ топтиришга қаратилган қонунлар қабул қилингани ва уларнинг ижроси жойларда мунтазам ўрганиб борилганини алоҳида қайд этишди.






