Ўзбекистонда 1 июлдан янги объектларни лойиҳалаш ва қуришни бир вақтнинг ўзида олиб бориш амалиёти бекор қилинади. Бу Президент фармонида белгиланган.
Президент фармонига мувофиқ, эксплуатация муддати 50 йилдан ошган кўп квартирали уйларда қайта режалаштириш ишларини амалга оширишга рухсат берилмайди.
Ҳужжатга кўра, мазкур чеклов биноларнинг мустаҳкамлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилган. Фақат иншоотларни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар бундан мустасно ҳисобланади.
Шунингдек, кафолат муддати давомида аниқланган нуқсонларни бартараф этмаган қурувчи ташкилотларнинг рейтинг кўрсаткичлари пасайтирилади.
Фармон билан янги қурилаётган бинолар учун ҳам айрим енгилликлар назарда тутилган. Хусусан, конструкция ва хавфсизликка таъсир кўрсатмайдиган ўзгаришларни амалга оширишда қайта келишиш талаб қилинмайди.
Шунингдек, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида пудратчиси аниқланадиган, шунингдек, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 минг бараваригача (ҳозирда – 10,3 млрд сўм) бўлган объектларнинг давлат харидлари бўйича техник топшириқларини экспертизадан ўтказиш амалиёти бекор қилинади.
Шу билан бирга, айрим янги қурилиш объектларида видеокузатув камераларини ўрнатиш мажбурий тартибда жорий этилади.






