Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консуллиги АҚШда истиқомат қилаётган ватандошларга мурожаат қилиб, маҳаллий қонунчиликка қатъий риоя қилиш ва жамоат тартиби қоидаларини ҳурмат қилишга чақирди.
Консуллик қайд этишича, сўнгги вақтларда айрим Ўзбекистон фуқаролари иштирокидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда. Бундай ҳолатлар нафақат қонун олдида жавобгарликка сабаб бўлиши, балки бутун ўзбек диаспорасининг обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланган.
Шу билан бирга, дипломатик ваколатхона АҚШдаги аксарият ўзбекистонликлар ҳалол меҳнат қилаётгани, таълим олаётгани ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришга ҳисса қўшаётганини қайд этди.
Мурожаатда, айниқса, йирик халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари даврида Ўзбекистон ҳамда унинг фуқароларига бўлган эътибор янада ортиши, шу боис ҳар бир ватандошнинг хатти-ҳаракати муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.
Бош консуллик ватандошларни маҳаллий қонунларга амал қилишга, масъулиятли бўлишга ва мамлакат нуфузига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ноқонуний пойгалар ташкил этган бир гуруҳ ўзбекистонликлар қўлга олингани хабар қилинган эди.






