Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғруқ учун шифохонага олиб келинган аёл вафот этгани, ҳомила эса нобуд бўлгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, фуқаро Н.Э. 10 апрель куни Иштихон туман марказий шифохонаси туғруқ бўлимига қорин ва бел соҳасида оғриқлар билан мурожаат қилган. Тиббий текширувлар давомида қоғаноқ сувларининг хиралашгани ҳамда ҳомила юрак уришида оғир ўзгаришлар аниқланган.
Шифокорлар томонидан беморга шошилинч кесарча кесиш амалиёти ўтказиш зарурлиги ҳақида тушунтирилган. Бироқ яқин қариндошлар операцияга рози бўлмагани сабабли бемор бошқа шифохонага — Пайариқ тумани Челак туғруқ бўлимига олиб борилган.
Кейинги текширувлар натижасида ҳомиланинг антенатал ўлими ҳолати қайд этилган. Беморга стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ у 14 апрель куни вафот этган.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, аёлнинг ўлими ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги билан кечган ўпка артерияси тромбоэмболияси оқибатида юз берган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






