1

Шоир “ўлмай” қолди

ЖАМИЯТ 09.02.2023, 14:01
Шоир “ўлмай” қолди

Ҳазрат Алишер Навоий бағоят олийҳиммат, саховатпеша зот бўлган эканлар. Илму ҳунар аҳлига ҳар жиҳатдан кўмаклашиб, ҳомийлик қилганлар.

Зайниддин Восифийнинг ёзишича, ўша пайтлар Ҳиротда  Мавлоно Ҳасаншоҳ исмли бир шоир яшаган экан. Қишнинг қаҳратон кунларидан бирида  шоирнинг уйида егани нон ҳам қолмайди. Шунда у ўғлини чақириб, “тезда мотам либосини кийиб, ҳазрат Навоийнинг ҳузурларига бор, “отам қазо қилдилар, маъракаларига пул керак бўлиб қолди” деб айт. Агар пул берсалар, бозорга бориб, қишдан чиқишга етадиган озиқ-овқат олиб келарсан” деб буюради.

Шоирнинг ўғли Навоийнинг ҳузурларига келиб, отаси айтган гапларни айнан такрорлайди. Ҳазрат Навоий бу хабардан хиёл афсусланиб, “аттанг, Мавлоно қандай яхши одам эди-я”,  деб  бош чайқайдилар ва “марҳум”нинг ўғлига 300 танга инъом қиладилар. Ўғил бозорга бориб, отаси айтган нарсаларни харид қилиб қайтади.

Кунларнинг бирида Мавлоно Ҳасаншоҳ нимадир юмуш билан Ҳазратнинг ҳузурларига киради. Навоий уни кўриб, ҳайратда деворга суяниб қоладилар:

- Во ажаб, мавлоно, сизни ўлди дейишган эди-ку?

Шу саволга олдиндан тайёргарлик кўриб борган  Ҳасаншоҳ ҳозиржавоблик қилади:

- Тақсир, агар ўғлимдан ўша пулни бериб юбормаганингизда ростдан ҳам очимдан  ўлган бўлардим.

Бу жавоб Ҳазратга маъқул келиб, кулиб юборадилар ва шоирга бош-оёқ сарпо,  яна минг динор мукофот беришни буюрадилар. 

Рустам Жабборов


 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1