АсосийДУНË

"Оналарнинг дод-войи, бетон тагида йиғлаётган болаларнинг овози ҳали ҳамон қулоғимда жаранглаяпти..."

Яратган берган синовдан биз бандалар сабр билан ўтишга мажбурмиз. Ҳайқириқлар, ер-у кўкка...

Яратган берган синовдан биз бандалар сабр билан ўтишга мажбурмиз. Ҳайқириқлар, ер-у кўкка уринишларнинг барчаси — фойдасиз..! Сўнгги тўрт кундан (6 февралдан) буён дунёни ларзага солаётган Туркия ва Суриядаги зилзила Унинг олдида биз бандаларнинг нақадар ожиз эканимизни яна бир карра исботлади. Фарзандини катта ва оғир биноларнинг бетони тагидан излаётган оталар, бир эмас, тўрт фарзандининг ҳатто жасадини ҳам тополмаётган она, ўз жони қолиб, опа ё укасига куюнаётган болакайларнинг тасвирини кўриб шунчаки, қараб бўлмайди. Бу кулфатларни бошидан кечираётганларнинг ҳолатини эса ҳатто тасаввур қилиш қўрқинчли...

Инсон қаерда бўлмасин, бошқаларни қўллаб-қувватлаш, кўнглини сўраш билан ҳам қайсидир маънода бошқаларга куч бера олиши ҳеч гап эмас. Биз ҳам бугун узоқдаги яқинларимизнинг дардига шерик бўлишга уриндик. Туркиядаги юртдошларимиз ва у ерда истиқомат қилаётган аҳоли билан суҳбатлашиб вазиятни тингладик...

“Болаларим тирик, шунисига шукр...”

Шоқаҳҳор Салимов, “Sevimli” Бадиий кенгаши аъзоси: — Қизим ўз оиласи билан узоқ йиллардан буён Туркия, айнан зилзила ўчоғи — Газиантепда яшайди. Ўша кунияёқ қизим билан гаплашдим, Аллоҳнинг қудрати билан куёвим, қизим ва уч набирам ҳам соғ-омон, тирик. Зилзила бошлангандан кейин уйларидан қочиб чиқишга улгуришган ва ҳали ҳамон қайтиб киришмаган. Улар яшаган беш қавватли уй қуламаган бўлса ҳам масъуллар аҳолини қаттиқ силкинган уйларга киришларига рухсат бермаяпти. Шунинг учун ўша кундан буён “гараж”да яшашмоқда. Бошқа иложи ҳам йўқ. Шаҳардан чиқиб кетиш иложисиз. Чунки ёқилғилар фақат тез ёрдам ва қутқарувчи гуруҳларга бериляпти. Дўконлар ёпилган, егуликлар танқис. Қизим билан доимий алоқадамиз, аммо у ва бошқалар ҳам шок ҳолатидан чиқмаган. Нафақат болалар, балки катталарнинг ҳам психологик ҳолати бузилган. Бўлган вазиятнинг яна бир оғир томони, аслида Газиантеп Туркиянинг қор ёғмайдиган ҳудуди. Аммо зилзила бўлишидан бир кун аввал шаҳарни қор қоплади. Зилзилада вайрон бўлган уйларнинг тагида қолган аксарияти эса, минг афсуски, совуқдан ҳам вафот этишмоқда. Биз эса зуриёдларимиз тирик қолди, шунисига шукр қилмоқдамиз... Тақдир тақозасидан қочиб бўлмайди, На илож!

“Истанбул бўшаб қолди, ҳамма кўнгилли бўлиб зилзила ўчоғига кетган...”

Юлдуз Йилмаз, (Истанбул): — Бу кулфатли кунлар фақат зилзила содир бўлган ҳудудда яшовчиларнинг дарди эмас. Бутун Туркия учун оғир синовдир. Ишонсангиз, 6 февраль саҳар бўлган мутҳиш кўнғироқ овозида кейин кўзимизга уйқу келмади. Турмуш ўртоғим асли Антэпдан. Барча яқин қариндошлар ўша ерда, шунинг учун тонг отиши билан у ерлик аҳолига ёрдам бериш учун кетганлар. Ўзлари билан бугунги кунда энг лозим бўлган буюмлар — генератор, “power bank” каби техникаларни олиб кетган. Қани имконим бўлганда мен ҳам борардим. Аммо икки ўғлим болам бор, уларнинг ёнида қолдим. Аслида бугун Истанбул бўшаб қолган. Барча кўнггиллилар қаторида зилзила содир бўлган еттита ҳудудга кетишган. Улар учун Истанбулдан ва давлатнинг бошқа вилоятларидан барча транспорт воситилари, ҳатто самолётлар ҳам бепул қатнамоқда. Бугун бутун халқ бирлашган. Қўлидан келган барча ёрдамни беришмоқда. Фожеа содир бўлган ҳудудга яқин жойлар эса, ўз уйидан хона ажратиб, имкон қадар бошпанасини йўқотганларни ўз бағрига олишган. Нафақат, турклар, ҳатто бошқа миллат вакиллари ҳам дардга шерик бўлиб имкон қадар қўллаб-қувватлашмоқда. Ўзбекистон элчихонасидан катта юк машинасида юртимиздан юборилган ёрдам юқларини етказишмоқда. Шу ўринда бир нарсани ҳам алоҳида айтиб ўтмоқчи эдим. Бугун ҳайрия йўлида деб пул йиғаётганлар кўп. Маслаҳатим, бундай пайтларда имкон қадар давлат томонидан ташкилаштирилган ҳайриялар билан ҳамкорлик қилган мақсадга мувофиқ.

“Ҳар куни ўнлаб, юзлаб инсонларнинг жанозаси ўқилмоқда”

Икбал Растгелди, (Истанбул): — Ҳаммаси жудаям кутилмаганда бошланди. Ҳеч ким кутмаганда, бундай кулфат бошимизга тушди. Бобом ва бувим Шонлиурфада ҳовли уйда яшайди. Зилзилада уй деворлари дарс кетгани учун айни пайт бошқа жойда жон сақлашга мажбур бўлишмоқда. Ҳозирги вазиятда кўчада қолган аҳоли бир хонадонда 25-30 нафар киши бўлиб яшашяпти. Дўконлар ер билан яксон бўлган, озиқ-овқат етказиб берилиши жуда қийин кечмоқда, дейди у ердагилар. Аммо уларни вайрон бўлган ерлардан олиб чиқиб кетиш ҳам жуда қийин масалалигича қолмоқда. Транспорт, самолётлар текин бўлишига қарамай йўлларнинг дарс кетганидан одамларни чиқиб кетиши ҳозирча иложсиз. Бугун халқимиз бошига келган бу кунлар жуда ёмон ва дахшатли тушга ўхшайди. Ҳар куни ўнлаб, юзлаб инсонларнинг жанозаси ўқилмоқда. Айрим ўлиқ инсонлар эса ерга кўмилишни кутиб ётибди. Чунки қабристонлар мозорга тўлган, халқ жисмонан майитларни ерлашга улгуришмаяпти...

“Минг афсуски, давлат барчага бирдек ёрдам беришга кучи етмаяпти”

Эътибор Аҳмедова, (Измир): — Қаҳраманмарашдан 3 соатлик узоқликда яшаймиз. Бўлган зилзиланинг кучи бизда ҳам сезилди. Измирдаги силкинишни 3,8 балл дея баҳолашди. Деворлари дарс кетиб ёрилган уйларга аҳолини киришига рухсат йўқ. Чунки зилзила яна қайтарилади, деган ҳайиқиқ билан яшаяпмиз.  Шунинг учун ҳам ҳатто Измирда очиқ майдонларга чодирлар қуриб яшаётган оилалар кўп. Воқеадан сўнг, ишлайдиган мактабимизда хайрияга йиғилган нарсаларни бериш учун зилзила бўлган ерларга бордик. У манзарани сўз билан етказиб бера олмайман, бу жуда оғир. Оналарнинг дод-войи, бетон тагида йиғлаётган болаларнинг овози ҳали ҳамон қулоғимда жаранглаяпти. Буни ҳеч қачон унутолмасам керак, хеч қачон... Ҳатай вилоятида ҳам дўстларим яшайди. Улар билан ҳам доимий алоқадамиз. Кеча, (9 февраль) зилзила таъсирида сув кўтара бошлабти. Бино ва уйларни сув босаётганини айтишди. Одамлар чорасиз қолишган. Ҳар бир вилоят раҳбари, кемаларда инсонларга, имкон қадар ёрдамни беришмоқда. Аммо минг афсуски, давлат барчага бирдек ёрдам беришга жисмонан кучи етмаяпти.

Яна бир гап, бошга кулфат келганда энг аввалоси инсонийликни сақлаб қолиш жуда муҳим. Мен турк эмасман, инсонман деб ёрдамда юрган барчага раҳмат. 

“Зилзила бўлган ҳудудлардаги аҳолининг дарди билан яшаяпман”

Ҳамидулла Алиев, (Истанбул): — Айни дам Истанбулда бўлсам ҳам зилзила содир бўлган ҳудудлардаги аҳолининг дарди билан яшаяпман. Бугунги кунда ҳар бир шаҳарнинг туманларида ёрдам марказлари очилган. Барча қўлидан келганча ёрдам бериб келишмоқда. Кўчада бошпанасиз яшаётганлар кўп бўлгани учун иссиқ кийим ва кўрпаларга эҳтиёж катта эканини айтишяпти. Кечагина биз ҳам бир гуруҳ ўзбекистонликлар йиғилиб 50 дан зиёд кўрпаларни етказдик. Шунингдек, шаҳардаги катта майдонларда қурилган чодирларда қон топшириш ҳам йўлга қўйилган. Аҳоли ўз хоҳиши билан ёрдамини аямаяпти. Бундай халқ ҳамжиҳатликда кулфатларни ортда қолдиришига ишонаман. 

“Ҳеч бир эски ва янги бино зилзилабардош бўлмади...”

Диана Хисматулина: — Гарчи мен яшайдиган худудда зилзила сезилмаган бўлса ҳам, энди нима бўлади, деган ваҳима бор. Бундай ҳолат бугун Туркияни бирдек қамраб олган, десам адашмайман. Жабр кўрганларга ёрдам бериш мақсадида эълон қилинган ва керакли нарсаларнинг рўйҳати мавжуд. Шунингдек, кўнгиллилар ҳам кўп. Аммо бугунги кунда моддий жиҳатдан ёрдамга эҳтиёж катта. Чунки кўнгиллилар борганда бинолар остида қолган инсонни сақлаб қолиш учун ўқуви булмайди. Уларга буни ўргатиш ҳам вақт талаб қилиши аниқ. Тўғри, ёрдамчи "қўл" керак, аммо энди моддий ўтказмалар инсонларда эҳтиёж бор, назаримда. 

Шу ўринда рахбарлардан норози бўлаётган одамлар ҳам йўқ эмас. Чунки мутаҳассислар башоратида кейинги 10 йилликда Туркияда қаттиқ зилзила бўлиши таъкидланган эди. Аммо ҳеч бир эски ва янги бино зилзилабардош бўлмади. Бундан ташқари у ердаги яқинлар билан мобил алоқа орқали гаплашишнинг ҳам имкони етарли эмас. Чунки алоқа антеналари қулаган биноларнинг устида. Демоқчиманки, ана шундай муаммолар ҳам аҳолини саросимага тушириб қўймоқда...

Хулоса

Аслида, интернет оламида аянчли тарзда “кезаётган” сурат ва лавҳалар ҳар биримизнинг шукр ва шу билан бирга тавба қилишимиз учун яна бир карра эслатма бўлгани аниқ. Ўзи юборган бундай синовда ҳар қандай бойлик, кучли давлат ҳам бўйин эгади. Айтилганидек, келган балони сабр билан енгиш керак ҳолос... Гапириш, ёзиш осондир. Аммо бор ҳақиқат шу ва ундан бошқа гап ҳам ортиқча... Сабр...

#Сенинг_дардинг_менинг_ҳам_дардим_Туркия...

                                                                                                                                 Алия Сулайманова

    Бошқа янгиликлар