АсосийДУНË

Европа Иттифоқида 13 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин

Европа Комиссияси мазкур ташаббусни 17 сентябрь куни “ЕИ КИДС акти” доирасида расман қабул қилди.

'Европа Иттифоқида 13 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин'ning rasmi

Европа Комиссияси 13 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини илгари сурди. Бу ҳақда Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқининг келажагига бағишланган йиллик нутқида маълум қилди. 

Режага кўра, 13 ёшга тўлмаган болалар ижтимоий тармоқлардан фойдалана олмайди. 13–15 ёшдаги ўсмирлар эса фақат ота-она ёки васий томонидан яратилган ва назорат қилинадиган “мини-аккаунт”лардан фойдаланиши мумкин. Бундай аккаунтларда функциялар чекланади ва фойдаланиш вақтига, жумладан кунига бир соатлик лимитга, чеклов ўрнатилади. 

15–18 ёшдаги ўсмирлар учун эса платформалар “хавфсиз дизайн” талабларига риоя қилиши керак бўлади. Шунингдек, платформалардан ўз хизматларининг болалар учун хавфсиз ва ёшга мос эканини исботлаш талаб этилади. 

Таклифда болаларни платформаларда имкон қадар узоқроқ ушлаб туришга қаратилган қарамлик келтириб чиқарувчи функциялар, жумладан чексиз лентани айлантириш каби имкониятларни чеклаш ҳам назарда тутилган. Болаларнинг нотаниш шахслар билан исталмаган алоқасига йўл қўймаслик ва сунъий интеллектга асосланган айрим хизматларни улар учун дастлабки ҳолатда ўчириб қўйиш бўйича талаблар ҳам белгиланган. 

Қонун талабларини бузган технологик компанияларга йиллик глобал даромадининг 6 фоизигача миқдорда жарима солиниши мумкин. 

Бироқ технологик компанияларни бирлаштирувчи CCIA Europe гуруҳи таклифни танқид қилди. Ташкилот болалар ва уларнинг ота-оналарига оид маълумотларни кенг миқёсда йиғиш шахсий маълумотлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигини билдирган. 

Европа Комиссияси мазкур ташаббусни 17 сентябрь куни “ЕИ КИДС акти” доирасида расман қабул қилди. Ҳужжат қонунга айланиши учун Европа парламенти ва Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатнинг маъқуллаши талаб этилади. 

Шунингдек, Урсула фон дер Ляйен “Рақамли адолат тўғрисидаги қонун”ни ҳам таклиф қилишини маълум қилди. Унда барча фойдаланувчиларни иловаларда узоқроқ ушлаб туришга қаратилган қарамлик келтириб чиқарувчи дизайн хусусиятларига қарши чоралар кўзда тутилиши айтилган. 

    Бошқа янгиликлар

    Европа Иттифоқида 13 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин - Darakchi.uz