Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи доирасида қатор самимий учрашув ва мулоқотлар бўлиб ўтди. Давлат раҳбари биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида иштирок этиб, минтақа давлатлари раҳбарлари билан икки томонлама муносабатлар ва ҳамкорликнинг янги режаларини муҳокама қилди.
Саммит доирасидаги учрашувларда давлат раҳбарларининг самимий мулоқоти ва дўстона муносабатлари яққол намоён бўлди.
Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасининг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Ли Ук Хён билан суҳбати ҳам илиқ руҳда ўтди. Мулоқот давомида ўтган йиллар, Ўзбекистон–Корея дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилган ишлар ёдга олинди.
Саммит арафасида Ўзбекистон Президенти Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси Спикери учун корейс тилига таржима қилинган “Мирзиёев доктринаси” китобини дастхат билан тақдим этди.
Давлат ташрифи муносабати билан Корея томони Ўзбекистонга алоҳида ҳурмат ва эътибор намоён этди. Жанубий Кореянинг энг баланд биноси — Lotte World Tower ҳамда Сеул телеминорасида Ўзбекистон давлат байроғи тасвирлари намойиш этилди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи шарафига Ўзбекистон байроғи рангларидаги дирижабль парвоз қилди.
Сеулдаги Президент қароргоҳи олдидаги фавворада эса Ўзбекистон давлат герби ва байроғи тасвирлари акс эттирилди.
Мазкур тадбирлар Корея томонининг Ўзбекистонга бўлган ҳурмати ва давлат ташрифига кўрсатилган алоҳида эътиборини намоён этди. Президент Шавкат Мирзиёев Сеулдан илиқ таассуротлар билан қайтди.






