АсосийДУНË

Украина авиакомпанияларни Россия осмонида парвоз қилмасликка чақирди

Киев Россия ҳаво ҳудудини фуқаролик авиацияси учун хавфли деб ҳисобламоқда.

'Украина авиакомпанияларни Россия осмонида парвоз қилмасликка чақирди'ning rasmi

Украина Ташқи ишлар вазирлиги халқаро авиакомпанияларни Россия ҳаво ҳудуди устидан парвозларни қисқартириш ёки бутунлай тўхтатишга чақирди. Киев Россия ҳаво ҳудудини фуқаролик авиацияси учун хавфли деб ҳисобламоқда.

Украина ТИВ расмий вакили Георгий Тихийнинг маълум қилишича, Россия осмонида дрон ва ракеталардан мунтазам фойдаланилаётгани фуқаролик авиацияси учун хавф туғдирмоқда. Бу ҳақда “Интерфакс-Украина” хабар берди.

“Россия осмонидан эҳтиёт бўлишга чақириғимизни такрорлаймиз, чунки у ҳақиқатан ҳам хавфсиз эмас. Россия ўзини мутлақо масъулиятсиз тутмоқда”, деган Тихий.

Унинг таъкидлашича, давом этаётган уруш шароитида Россия ҳам, Украина ҳам дрон ва ракеталардан мунтазам фойдаланмоқда. Шунга қарамай, Москва ўз ҳаво ҳудудини ёпмаяпти. Украина эса авиакомпанияларни эҳтимолий хавфлардан огоҳлантиришни ўз зиммасига олган.

Тихийнинг айтишича, Украина сентябрь ойи бошида ҳам халқаро авиакомпанияларга шундай мурожаат билан чиққан. Шундан кейин Россия ҳаво ҳудудидаги фаоллик бироз камайган.

У, шунингдек, Украина томони Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига мурожаат қилгани ва бу чақириқ аъзо давлатлар ҳамда авиакомпанияларга етказилганини билдирган.

“Бу чақириққа қулоқ тутиш ва Россия осмонидаги ҳар қандай фаолиятни қисқартириш ёки бутунлай тўхтатиш уларнинг масъулиятидир”, деган Украина ТИВ вакили.

    Бошқа янгиликлар

    Украина авиакомпанияларни Россия осмонида парвоз қилмасликка чақирди - Darakchi.uz