16 сентябрга ўтар кечаси Ғазо шаҳрида уруш вақтида шикастланган кўп қаватли турар жой биноси қулади. Ҳодиса оқибатида камида 20 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Маълум қилинишича, вайрон бўлган бинода уруш даврида бошқа жойларга кўчирилган оилалар яшаб келган. Бино аввалроқ Исроил ҳужумлари оқибатида жиддий зарар кўрган.
Қулаган иншоот вайроналари остида ҳали ҳам одамлар қолиб кетган. Қутқарувчилар ва маҳаллий аҳоли тирик қолганларни излаш ишларини олиб бормоқда. Айрим ҳолларда одамларни вайроналар остида қўл билан қазиб чиқаришга тўғри келмоқда.
Қутқарув ишларига оғир техника етишмаслиги жиддий тўсқинлик қилмоқда. Reuters маълумотига кўра, вайроналар остида қарийб 100 киши қолган бўлиши мумкин.
Ғазодаги Фуқаро мудофааси маълумотларига кўра, ҳудудда урушдан зарар кўрган минглаб бинолар ҳануз одамлар томонидан бошпана сифатида ишлатилмоқда. Уй-жой танқислиги сабабли ўн минглаб фаластинликлар шикастланган биноларда яшашга мажбур бўлмоқда.






