Кеча, 9 февраль куни Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов воҳа аҳли ва тадбиркорларга мурожаат йўллади.
Йиғилишда қуёш панеллари ўрнатиш ташаббусини билдирган, давлат ташкилотлари, саноат корхоналари, автомобилларга ёқилғи қўйиш шохобчалари, умумовқатланиш корхоналари супермаркетлар, хусусий клиника ва ўқув марказлари, дорихоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш субъектларининг раҳбарлари иштирок этди.
Муротжон Азимон ўз мурожаатида вилоятнинг экспорт салоҳияти, инвестицион лойиҳаларнинг жалб қилиниши, ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиша ва албатта энергия тежамкор ресурсларга ўтиш масалалари ҳақида гапирди.
Хусусан, вилоятда 2023 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 59 трлн.сўмга етказиш ва 5,6 фоизга ўсишини таъминлаш мақсадида, 24 трлн. сўм саноат маҳсулотлари, 31 трлн.сўм қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва 20 трлн.сўм хизматлар кўрсатишни амалга ошириш режа қилинган.
Бундан ташқари 325 млн. доллар ҳажмидаги маҳсулотларни экспорт қилиш, 11 трлн.сўм инвестициялар эвазига 840 та инвестицион лойиҳани ишга тушириш, 440 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш кутилмоқда.
"Жорий йил қишда бўлиб ўтган аномол совуқда ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда аҳолининг энергия таъминотидаги узилишлар, бу соҳани тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини яққол кўрсатди",–дейди Муротжон Азимов тадбиркорларга мурожаат қиларкан.
Вилоят ҳокимининг маълум қилишича, баҳор, ёз ва куз ойларида битта хонадоннинг бир суткалик ўртача истеъмоли 4,2 КВт.соатни ташкил этган бўлса, совуқ кунларда бу кўрсаткич 1 ярим, 2 баробарга ошди.
Бунинг асосий сабаби сифатида аҳолини яшаш шароитлари кундан-кунга яхшиланиб бораётганлиги, деярли барча хонадонларда 2-3 тадан телевизор, кондиционер, совутгич, соч қуритгич, электромотор, аристон ёки эсини таниган барчани қўлида телефон борлиги келтирилган. Бунинг ҳаммаси электр энергиясига бўлган талабни кескин ошишига олиб келади.
Маълумот учун, сўнгги беш йилда вилоятда хонадонлар сони 160 мингга кўпайган, корхоналар сони эса 29 мингдан 42 мингга етган.
"Йиғилишга тайёргарлик жараёнида қуёш энергиясини ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш бўйича халқаро тажрибани ҳам ўрганиб чиқдик",–дейилади ҳоким мурожаатида.
Статистик маълумотларга кўра, жаҳонда қуёш энергияси ишлаб чиқариш 1990 йилга нисбатан 2022 йилда ўртача 22 фоизга ўсган. 2023 йилда бутун жаҳонда ишлаб чиқиладиган қуёш энергияси миқдори 1 млн. мегаваттдан ошиши кутилмоқда.
Қуёш энергияси ишлаб чиқишда Хитой (340 000 мегаватт), АҚШ (102 900 мегаватт), Япония (78 500 мегаватт), Германия (62 000 мегаватт) ва Ҳиндистон (57 000 мегаватт) давлатлари етакчилик қилмоқда.
Қуёшли кунлар Германияда ўртача 136 кун, Японияда 167 кунни ташкил қилсада, ишлаб чиқарилган электр энергия истеъмолининг 10 фоизи қуёш энергияси ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистонда эса қуёшли кунлар сони 300 кундан кўп бўлишига қарамай, статистик маълумотларга кўра 2022 йилда 101 мегаватт ёки 0,001 фоиз қуёш энергиясидан фойдаланилган холос.
Географик жойлашувига кўра айнан қуёшли Қашқадарё вилоятида қуёш фотоэлектр батареяларидан фойдаланиб, катта қувват электр энергия олиш имконияти мавжуд экан.
Вилоятда бу соҳани ривожлантириш бўйича амалий ишлар бошланган.
Хусусан, 2022 йилда 177 та объектда қуёш панеллари ҳамда 371 та объектда қуёш сув иситиш ускуналари ўрнатилди.
Ушбу тадбирларга 20 млрд.сўм маблағ йўналтирилди ва бир йилда 8,7 млн.КВт.соат ёки 3,9 млрд.сўм электр энергиясини иқтисод қилиш имконияти яратилди.
2022 йилда маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисмидан қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш ускуналарини ўрнатиш мақсадида 7,8 млрд сўм маблағ ажратилди.
Масалан, вилоят ҳокимлиги биносига 900 млн сўм маблағ эвазига 70 квт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Бунинг натижасида ўтган бир ойда 25200 квт электр энергия ишлаб чиқилиб, 11 млн 340 минг сўм иқтисод қилинди.
Маълумот учун, вилоятда 740 мингга яқин (692 мингта аҳоли ва 48 мингта юридик) электр энергияси истеъмолчилари мавжуд бўлиб, уларнинг йиллик истеъмоли техник йўқотишлар билан биргаликда 6553 млн.КВт.соатни ташкил қилади.
Жумладан, соҳалар кесимида нефтгаз корхоналарининг истеъмоли 621 млн.КВт.соат, сув хўжалиги тизимидаги (КМК) насослар 2175 млн.КВт.соат, бошқа юридик ташкилотлар 2317 млн.КВт.соат ҳамда аҳоли истеъмоли 1440 млн.кВт. соатни ташкил этади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда вилоят бўйича истеъмолга нисбатан 311 млн.КВт.соат электр энергияси етишмовчилиги, яъни дефицит кутилмоқда.
Муротжон Азимов тадбиркорларга нима учун мурожаат йўллаганини айтди:
– Ҳурматли тадбиркорлар, хабарларингиз бор муҳтарам Президентимизнинг водий вилоятларига ташрифи давомида асосий эътиборни муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга қаратдилар.
Сабаби, барқарор энергия таъминотидан оддий аҳолидан тортиб, тадбиркорлар, йирик саноат корхоналари барча-барчамиз манфаатдормиз.
Келажакда бу соҳани ривожлантириш орқали биз янгидан янги лойиҳалар устида ишлаймиз, барқарор тараққий этамиз!
Шунинг учун бугун Сизларни йиғиб, мурожаат қилишимиздан мақсад:
- биринчидан, муҳтарам Президентимизнинг сиёсатларини биргаликда қўллаб-қувватлашимиз керак;
- иккинчидан, келгусида муқобил энергия манбаларини ривожлантириш ва қуёш панеллари ўрнатиш бўйича сизлар аҳолига ўрнак ва тарғиботчи бўлишларингиз лозим.
Вилоят ҳокими жорий йилда 69,3 МВт кичик қувватдаги қуёш панелларини ўрнатиш орқали бир йилда қўшимча 77,4 млн.КВт соат электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлаш бўйича жуда катта режа қабул қилинганини айтди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (А.Қодиров)га бу бўйича алоҳида ва аниқ вазифалар белгиланади.
Бунда қуёш панеллари ўрнатиладиган объектларни 3 та категорияга бўлиб олдик ва барча субъектлар бўйича йиллик истеъмолидан келиб чиқиб, номма-ном режаси белгиланган.
1 категория. 495 та ижтимоий соҳа ва бошқа бюджет идораларига жами 7,4 МВт қувватли ҳамда давлат улуши 51 фоиздан юқори бўлган 495 та корхонада 4,5 МВт қуёш панеллари ўрнатилади. Бунда 120 млрд.сўм атрофида маблағ зарур бўлади, молиявий манбаси маҳаллий бюджет ва ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ижтимоий соҳа ташкилотлари томонидан қуёш панеллари ўрнатилишига вилоят - Молия бошқармаси бошлиғи (Ф.Юсупов) масъул қилиб бириктирилади.
Соғлиқни сақлаш (Б.Тешаев), Халқ таълими (Б.Байсунов), Мактабгача таълим (С.Донаев) ҳамда бошқа бюджет ташкилотлари бу масалада Файзулла Юсуповга ёрдамчи бўлади.
Давлат улуши 51 фоиздан юқори бўлган барча корхоналар ва ташкилотлар томонидан қуёш панелларини ўрнатилишини – Давлат активларини бошқариш агентилиги вилоят бошқармаси (Ш.Бўриев) мувофиқлаштиради.
2 категория. Бугун студияларда иштирок этаётган 3 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда жами 57 МВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилиши таъминланади.
Тадбиркорлик йўналишида Савдо саноат палатаси раҳбари (Н.Очилов) умумий мувофиқлаштирувчи бўлади. Бундан ташқари:
- 111 та метан ва 268 та пропан ва бензин заправкаларга – “Ўзнефтгазинспекция”нинг ҳудудий бўлими (А.Тоштемиров) ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” вилоят филиали (Ғ.Муродов);
- 321 та умумий овқатланиш корхонаси, 90 та супермаркет ва 26 та меҳмонхонага - вилоят Давлат солиқ бошқармаси (Ш.Нисбатхонов);
- 519 та саноат корхонасига – вилоят Инвестиция, саноат ва савдо бошқармаси (Ф.Алибоев);
- 31 та бозор 525 та бошқа хизмат кўрсатиш объектларига – вилоят Иқтисоий тараққиёт бошқармаси (А.Бердиев);
- 600 та дорихонага – “Ўзфармсаноат” агентлигининг ҳудудий бўлими (С.Холматов);
- 205 та хусусий клиникага - вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг биринчи ўринбосари (Ш.Ғаффоров);
- 63 та мактабгача таълим муасассасига – Мактабгача таълим бошқармаси (С.Донаев) масъул қилиб бириктирилади.
3 категория. Вилоятдаги жами 3450 та аҳоли хонадонларига 10,2 МВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилади.
Бунда 64 нафар сектор раҳбарлари, 1232 нафар вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарлари, 547 нафар йирик тадбиркорлар ўз маблағи (ёки банк кредити) ҳисобидан ҳамда “Темир дафтар”да турган 1607 нафар оилаларга маҳаллий бюджет ҳисобидан ўрнатиб берилади.
Вилояти раҳбари муқобил энергия манбаларини ўрнатганларга давлат томонидан ажратилган имтиёзлар ҳақида ҳам гапирди.
Масалан, жисмоний шахслар республикада ишлаб чиқарилган қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини сотиб оладиган бўлса, 3 йил давомида фоизсиз бўлиб-бўлиб пулини тўласа бўлади.
Агар пулини бирдан тўлаб сотиб олса, уларга панелни қувватидан келиб чиқиб, 2,1 млн.сўмдан 15 млн.сўмгача компенсация берилади. Хусусан 5 КВт ва ундан юқори ўрнатса 15 млн.сўм компенсация берилади.
Қуёш панелларини ўрнатган хонадонлар 3 йиллик мол- мулк ва ер солиғидан озод қилинади
Жисмоний шахслар учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасида (15%) Ипотека банк, Қишлоқ қурилиш банк, Микрокредит банк, Саноатқурилиш банк ва Халқ банклари томонидан 5 йилгача муддатларда имтиёзли кредитлар беради.
Юридик корхоналар фотоэлектр станция қуриб, ишлаб чиқарган энергиясини ижтимоий соҳа ташкилотларига 1 КВт энергияни 800 сўмдан, бошқа юридик истеъмолчиларига 450 сўмдан сотади.
Аҳоли хонадонларига қўйилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини 1 КВт.соати 1000 сўмдан давлатга сотади.
2023 йилда маҳаллий тадбиркорлар томонидан 21,7 МВт қувватга эга бўлган фото электр станциялари (ФЭС) қуриш орқали 29,1 млн. КВт. соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш таъминланади.
Масалан, “Поверпроф-гроуп” МЧЖ (Тошкент вилоятидан рўйхатдан ўтган) томонидан Қарши туманининг “Батош” МФЙ ҳудудида қуввати 2 МВт бўлган фото электр станцияси барпо этилади.
Шунингдек, Муборак туманидаги “ЭМЖ интер инвестмент” корхонаси (1 МВт) ва “ҚЭҲЭНГ Muborak” МЧЖ (2 МВт) томонидан қуввати 3 МВт бўлган фото электр станцияларини қуриш ташаббуси билдирилди.
Жорий йилда вилоят бўйича 3,5 МВт қувватли гидро электр станциялари барпо этилади ҳамда 6 МВт когенерация қувватларини яратиш эвазига 18,0 млн.КВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Жумладан, Китоб туманида “Nature Green Energy” МЧЖ томонидан 450 минг доллар инвестиция ҳисобига 300 КВт ҳамда Кўкдала туманида “Асл баркамол қувват” ХК томонидан 280 мингдоллар эвазига қуввати 185 КВт гидро электр станцияларини қуриш режалаштирилган.