Ижтимоий тармоқларда актриса Луиза Расулова ва унинг онасини калтаклашгани тарқалди.
Ҳолат юзасидан ИИББ қуйидагиларни маълум қилди:
Жорий йилнинг 9 март куни тахминан соат 15.00 ларда Чилонзор тумани, Чилонзор-6 даҳасидаги кўп қаватли уйлардан бирининг уйбошиси 1959 йилда туғилган А.Р. (Луиза Расулованинг онаси) ва шу кўп қаватли уйнинг иккинчи қаватида жойлашган ўқув муассасаси раҳбари 1971 йилда туғилган Б.Ч. билан ўзаро низо келиб чиққан. Низонинг сабаби А.Р. кўп қаватли уйнинг умумий кириш эшигига кодли қулф қўйиб, иккинчи қаватда жойлашган ўқув муассасасига келган ўқувчиларни киришига тўсқинлик қилган. Шу орада Б.Ч. фуқаро А.Р. ни қўлидан тортган вақтида А.Р. ва унинг қизи Луиза Расулова ерга йиқилган.
Л.Расулова ва унинг онасига тиббий ёрдам кўрсатилиши учун шифохонага ётқизилган. Бирламчи маълумотга кўра, А.Р.да “энса соҳаси юмшоқ тўқималарини лат ейиши”, Л.Расуловада “ўнг билак ва ўнг тизза соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши” жароҳатлари борлиги аниқланган.
Фуқаро Б.Ч. профилактика инспектори томонидан ушланиб, яқин орадаги ИИБга олиб борилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.