1

Президент “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси айнан Янги Тошкент ҳудудидан бошланишини маълум қилди

ЖАМИЯТ 18.03.2023, 11:59
Президент “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси айнан Янги Тошкент ҳудудидан бошланишини маълум қилди

Авваламбор, пойтахт эҳтиёжини таъминлаш учун қуввати 2 минг 400 мегаваттли 4 та йирик қуёш станциялари барпо этилади.

Биринчиси - Қибрайда 400 мегаваттли фото-электр станциясини қуриш бошланди. Шунингдек, бугунги тадбирда Юқоричирчиқда 700 мегаваттли, Оҳангарон туманида 1 минг мегаваттли ҳамда Бўкада 300 мегаваттли станциялар лойиҳаларига старт берилади.

Бу лойиҳаларга 2 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялар киритилмоқда. Бу станциялар тўлиқ қувват билан ишлай бошлагандан кейин йилига 6 миллиард киловатт-соат кафолатланган электр ишлаб чиқаради.

Бу станцияларнинг электр энергияси қўшимча 2 миллион аҳоли ва 30 минг корхона талабини таъминлашга етарли бўлади.

Шунингдек, пойтахтда электр энергияси билан барқарор таъминлаш учун янги подстанциялар қурилади ва мавжудлари янгиланади, қўшимча юқори кучланишли тармоқлар қурилади, иссиқлик марказлари реконструкция қилинади, когенерация технологияси жорий қилинади.

Президент пойтахтимиз аҳоли учун ҳар томонлама қулай шароитга эга, чинакам экологик шаҳар бўлиши кераклигига эътибор қаратди.

Шу мақсадда “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси айнан Янги Тошкент ҳудудидан бошланади. Бунда 420 гектар майдонда Марказий боғ барпо этилиб, 200 минг туп дарахт экилади. Бугун ушбу боғда яхши ниятлар билан 1 минг туп дарахт экилади. 

Давлатимиз раҳбари бу ишларнинг давоми сифатида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор фаслида ҳар бир маҳалла ҳудудида 1 мингтадан дарахт экишни таклиф этди. 

Сўзининг якунида Президентимиз пойтахтимиз Янги Ўзбекистоннинг юксак тараққиёт даражаси ва салоҳиятига ҳар томонлама мос бўлган йирик мегаполисга, дунёдаги энг гўзал ва жозибадор шаҳарлардан бирига айланишига ишонч билдирди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1