1

Михаил Швидкой: "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳаси ўтмишдан ҳикоя қилади ва келажак сари интилади

ЖАМИЯТ 18.03.2023, 21:02
Михаил Швидкой: "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳаси ўтмишдан ҳикоя қилади ва келажак сари интилади

Россия президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили, таниқли телебошловчи ва Мюзикл театрининг бадиий раҳбари Михаил Швидкой Пушкин уйи архивидаги ўзбек мақомлари илк ижрочиларининг ҳали дунё эшитмаган ноёб ёзувларини рақамлаштириш лойиҳасини амалга оширишда ёрдам беришга ваъда қилди. Булар ХХ аср бошларида немис мутахассислари томонидан фонографга ёзиб олинган мум ва металл цилиндрлардаги қадимий ёзувлар, граммофон пластинкалари, мусиқага оид араб, форс ва турк тилларидаги қўлёзмалар, мусиқа асбоблари ва турли архив ҳужжатларидир.

Россия Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Швидкой Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти янги офисининг биринчи меҳмони бўлди.

Ташриф ва музокаралар чоғида келгусидаги қўшма лойиҳа ва ташаббуслар муҳокама қилинди, Россия музейлари ва кутубхоналари билан ҳамкорликнинг янги қирралари белгилаб олинди.

Меҳмон дастлаб «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги суратларга бой, безакли китоб-альбомлар ва қадимий шарқ қўлёзмаларининг ноёб факсимиле нашрлари билан танишди. Швидкой лойиҳа кўламидан ҳайратда қолди ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг ўзбек маданияти ва санъатини тарғиб қилишдаги фаолиятини юқори баҳолади.

Сўнгра Бутунжаҳон жамияти лойиҳаси ва фаолияти тақдимоти бўлиб ўтди.

Михаил Швидкой китобларни нашрга тайёрлаш, чоп этиш, илмий ҳамкорлик, икки мамлакат олимларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳақидаги масалаларга катта қизиқиш билдирди. Россия музейлари ва кутубхоналарида Ўзбекистон меросини ўрганиш бўйича мутахассислар топиш ва қўшма ишларни ташкил этишда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.

Тақдимот ва лойиҳа нашрлари билан танишиш чоғида Михаил Швидкой «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси вакиллари ва ходимлари билан суҳбатлашди.

«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси муаллифи Фирдавс Абдухолиқов Швидкойга китобларнинг дастлабки бир неча жилдлари Шарқ халқлари санъати давлат музейи, Россия этнография музейи, Давлат эрмитажи, Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Давлат Третьяков галереясидаги ўзбек коллекцияларига бағишланганлигини айтиб ўтди.  

«Нашр этилган 60 жилд китобдан 13 таси Россия музейлари ва кутубхоналари ҳақида Ўзбекистон меросига оид ҳикоя қилади. Умуман олганда, лойиҳага Россиянинг 15 дан ортиқ музей ва кутубхоналари жалб этилган», — дея таъкидлаб ўтди Фирдавс Абдухолиқов.

«Мен ҳайратдаман. Бу жуда катта, кенг қамровли иш. Бу ташкилот ўтмиш ҳақида гапираётганга ўхшайди, лекин мен кўрганларимга асосланадиган бўлсам, бу келажакка саёҳат. Лойиҳанинг замонга хос, жадал ҳаракат қилаётгани, ишлаш усуллари ва жараёни ҳақида гапирсак — бу албатта эртанги кунга даҳлдор. Катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилган! Ва, албатта, мен бу ажойиб лойиҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман», — деди ўз навбатида Михаил Швидкой.

Россия музейлари билан биргаликда амалга ошириш режалаштирилган бир қанча ғоялар ташкил этилмоқда. «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Екатерина Соболева улар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди:

— Биз биргаликда амалга оширишимиз мумкин бўлган бир қанча қизиқарли ташаббусларни муҳокама қилдик. Бу, биринчи навбатда, Санкт-Петербургдаги Пушкин уйида сақланаётган Ўзбекистонга оид ноёб мусиқий меросни рақамлаштиришдир. Гап ноёб, нодир мақомлар ҳақида кетмоқда. Бу ажойиб овозларни дунё ҳали эшитмаган ва бизда узоқ ўтмиш мусиқаси кенг оммага тақдим этиш учун ажойиб имконият бор.

ХIX–XX аср бошларида Туркистонга ташриф буюрган саёҳатчилар томонидан тасвирга олинган ноёб фотосуратлар ва эскизларни ўз ичига олган «Туркистон ҳикоялари» туркум китобларининг нашр этилиши жуда қизиқ лойиҳадир. Уларда ўз вақтида юртимиз тасвирларини ўз суратларида муҳрлаган таниқли тадқиқотчилар – С. Прокудин-Горский, С. Дудин ва бошқалар томонидан тўпланган ҳақиқатанда эксклюзив кадрлари мавжуд.

Ва ниҳоят, Россия музейлари ва кутубхоналаридаги Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари ҳақида бешта эксклюзив совға китобини нашр этиш режага киритилган. У ҳашамат ва ўзига хосликнинг мағзини, асл моҳиятини намойиш этади – китобларга музей коллекциялари фахри саналган энг нодир, энг ноёб, энг гўзал экспонатлар жам бўлади, – дея таъкидлади Екатерина Соболева.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Васийлик кенгаши раиси Бахтиёр Фозилов Михаил Швидкойнинг «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси офисига ташрифи якунлари ҳақида фикр билдирди.

«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» Янги Ўзбекистон лойиҳасидир, чунки илм-фан оламида машҳур бўлган китоб-альбомлар туркумининг дастлабки китоблари илк бор 2016 йилда нашр этилган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маданий меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштириш масалаларини давлат сиёсати даражасига кўтарди. Шу туфайли лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун барча шароитлар яратилди.

«Мамлакатимиз маданий меросига оид деярли барча қитъадаги музей ва кутубхоналарда сақланаётган коллекциялар намуналари ҳақида ҳикоя қилувчи 60 жилдлик китоблар нашр этилди. Биз учун жуда қадрли бўлган лойиҳага ташкил этилган дастлабки кунлариданоқ бундай юксак баҳо берилганидан жуда мамнунмиз», — дея таъкидлади Бахтиёр Фозилов.

Маълумки, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти 2019 йилда Парижда рўйхатдан ўтган. У дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан 400 га яқин олимни бирлаштирган. Лойиҳага асос солинган кундан буён унинг ташкилотчиси ва ҳомийси «Eriell Group» компанияси ҳисобланади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1