1

Россия Путинни ҳибсга олишга ордер берган Гаагадаги Халқаро суд прокурори ва судьяларига қарши жиноий иш очди

ДУНЁ 21.03.2023, 19:22
Россия Путинни ҳибсга олишга ордер берган Гаагадаги Халқаро суд прокурори ва судьяларига қарши жиноий иш очди

Куни кеча Гаага суди Путинни ҳибсга олиш учун ордер бергани ҳақида хабар берган эдик.

Россия Тергов қўмитаси Гаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурори ва судьяларига нисбатан жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда қўмита Telegram каналида хабар берди.

Гап Россия президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани ҳибсга олиш учун ордер беришни сўраган ХЖС прокурори Карим Хон, шунингдек, ушбу ордерларни берган судьялар Томоко Акане, Розарио Салваторе Айтала ва Серхио Херардо Угалде Годинезни жавобгарликка тортиш ҳақида кетмоқда.

Тергов қўмитасининг таъкидлашича, Путин ва Лвова-Белованинг таъқиб қилиниши “шубҳасиз ноқонуний, чунки жиноий жавобгарликка тортиш учун асослар йўқ”.

Россия Тергов қўмитаси Хонни қасддан бегуноҳ шахсни жиноий жавобгарликка тортиш, ўта оғир жиноят содир этишда қонунга хилоф равишда айблаш, шунингдек, халқаро муносабатларни мураккаблаштириш мақсадида хорижий давлатнинг халқаро ҳимояга эга бўлган вакилига ҳужум қилишга тайёргарлик кўриш тўғрисидаги моддалар бўйича гумонламоқда.

ХЖС судьяларига нисбатан эса иш қасддан ноқонуний ҳибсга олиш ва хорижий давлат вакилига ҳужум қилишга тайёргарлик моддалари билан тергов қилинмоқда.

17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суди Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганди. У Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда гумон қилинмоқда. Худди шундай ордер Россия болалар омбудсманı Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган.

Кремл ХЖС қарорини “ғазаблантирадиган” деб атади, шу билан бирга, Россия бу суднинг юрисдикциясини тан олмаслигини таъкидлади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги ордернинг “аҳамиятсиз”лигини айтди. Путиннинг ўзи ХЖС қарорига изоҳ бермади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1