1

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш кечириши учун етарли бўлиши шарт

ИҚТИСОДИЁТ 18.04.2023, 12:48
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш кечириши учун етарли бўлиши шарт

Меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби — бу давлат томонидан режали тартибда белгиланган ходимларнинг бажарган иши миқдори ва сифатига мос ҳолда уларнинг шахсий моддий эҳтиёжларини қондириш, муносиб турмуш кечириш учун тўланадиган пул миқдори кўринишидаги иш ҳақидир.

Иш ҳақи одатда иш берувчи томонидан ходимлар меҳнатининг якуний натижаларига кўра маълум белгиланган мезонлар асосида иш кучи баҳосининг пул шаклидаги ифодаси ҳисобланади.

Иш ҳақи ва унинг миқдори биринчи навбатда мамлакатнинг иқтисодий ривожланганлик даражасига боғлиқ бўлса, иккинчидан, меҳнат фаолиятининг оддий ёки мураккаблигига, малака талаб этилиши ёки этилмаслигига боғлиқ бўлади. Иш ҳақига тўғридан-тўғри таъсир этадиган яна бир муҳим омил — бу меҳнат бозоридир. Чунки меҳнат бозори иш кучининг сотувчиси (ходим, меҳнат қилувчи) ва иш кучини сотиб олувчи (иш берувчи, корхона ва ташкилотлар) ўртасидаги муносабат орқали вужудга келади. Айнан меҳнат бозоридаги талаб ва таклифга қараб иш кучининг баҳоси, унинг қадри белгиланади. Бу баҳо қонун ҳужжатларига кўра меҳнат шартномасида белгиланиб, меҳнатга ҳақ тўлашнинг миқдори келиб чиқади. Шунга кўра қайси давлатда меҳнат бозорида ишчи кучи таклифи кўп бўлса, унга тўланадиган иш ҳақи миқдорида ўсиш ҳолати паст бўлади.

Шунинг учун жамиятда аҳолининг муносиб турмуш кечириши, олаётган иш ҳақи миқдори унинг турли эҳтиёжларини қоплаш нуқтаи назаридан давлат томонидан фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кафолатлаш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори белгиланади ҳамда доимий назорат қилиб борилади. Масалан, АҚШда  2023 йил 1 январ ҳолатига ҳукумат томонидан белгиланган минимал иш ҳақи миқдори соатига 7,25 долларни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, бу кўрсаткич бир ойда 1160 доллар, бир йилда эса 13 920 долларни ташкил этади. Хитойда ҳам минимал иш ҳақини тўлаш тартибига жиддий эътибор қаратилади. Хусусан, энг кам иш ҳақи — бу давлат томонидан иш ҳақи миқдорига қўйиладиган мажбурий талаб бўлиб, иш берувчилар томонидан белгиланган вақтда ходимларни ўз мажбуриятларини бажарганликлари учун уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва мукофотлаш мақсадида тўланадиган иш ҳақи миқдори тушинилади. Хитой давлатида энг кам иш ҳақи меъёрлари маҳаллий ишчилар ва уларнинг қарамоғидагилар учун энг кам яшаш қиймати, шаҳар аҳолисининг истеъмол нархлари индекси, ижтимоий суғурта ва уй-жой учун тўловлар каби омилларни ҳисобга олган ҳолда вилоят ҳукуматлари томонидан белгиланади.

Хитойда энг кам иш ҳақи стандартлари икки шаклда, яъни ойлик энг кам иш ҳақи ва соатлик энг кам иш ҳақи кўринишида бўлади. Энг юқори соатлик иш ҳақи Пекин шаҳрида бўлиб, бу ерда соатига 25,3 юан ёки 3,795 АҚШ доллари миқдорига тўғри келади (1 юан 0,15 АҚШ долларига тенг). Соатига энг кам иш ҳақи тўланадиган провинция (ҳудуд) бу Юннан ҳисобланади. Бу ерда ишчи учун соатига 13 юан ёки тахминан 1,95 АҚШ доллари тўланади. Умуман олганда Хитойда минимал ёки ўртача иш ҳақи миқдори ходимнинг малакаси, таълим даражаси ҳамда иш стажига боғлиқ бўлади.

Ўзбекистонда ҳам меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда хорижий тажрибалар кенг ўрганилмоқда. Натижада Президентнинг 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон фармонига мувофиқ 2019 йилнинг 1 сентябридан «энг кам иш ҳақи миқдори» ўрнига «меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори», «базавий ҳисоблаш миқдори» ва «пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори» тушунчалари амалиётга киритилди. Мазкур янгиликларни амалиётга жорий этишдан асосий мақсад иш берувчиларга иш ҳақи миқдорларини қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашини таъминлаш, иш ҳақи миқдорларини энг кам иш ҳақига мувофиқ ошириш тавсия этилади. Албатта, бу ўзгаришлар Конституциявий ислоҳотларда ҳам эътиборга олинди.

Эътибор берадиган бўлсак, янги таҳрирдаги Конституциянинг 42-моддасига айнан аҳолининг турмуш даражаси сифатини оширишга қаратилган «Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади», деган янги қоида киритилмоқда. Мазкур янги нормада иккита муҳим иқтисодий категория жой олган. Биринчиси — «меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори» ҳамда иккинчиси — «инсоннинг муносиб турмуш даражаси». Бу янги қоидаларнинг Конституцияга киритилиши давлатнинг катта сиёсий иродаси ҳисобланиб, бунинг ортидан келажакда «камбағаллик чегараси», «минимал истеъмол харажати» ҳамда «меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори» деган иқтисодий индексларни қайта кўриб чиқишга туртки бўлади. Бу, албатта, аҳолининг муносиб турмуш даражаси яхшиланишига замин яратади.

Нодир Расулов,

иктисодий фанлар доктори,

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1