Самарқанд вилоятида бир нечта тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жумладан, Абилов Феруз Неъматуллаевич Самарқанд вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Феруз Неъматуллаевич 1978 йилда Нарпай туманида туғилган. Ушбу тайинловга қадар Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.
Худайбердиев Шунқор Фармонович Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Шунқор Фармонович 1971 йилда Пастдарғом туманида туғилган. Ушбу тайинловга қадар Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани ҳокими лавозимида фаолият олиб борган.
Шунингдек, Пастдарғом тумани ҳокимлигида ўтказилган халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида депутатлар томонидан Муротқобилов Ваҳобжон Абдуғаниевич номзоди Пастдарғом тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Ваҳобжон Абдуғаниевич Муротқобилов 1974 йилда Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманида туғилган. Мазкур тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати вазифасида фаолият олиб борган. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигида бошқарма бошлиғи, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК бош директори вазифаларида ишлаган.





