Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди.
БМТ матбуот хизмати хабарига кўра, БМТнинг Нью-Ёркдаги қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда суҳбатдошлар Украинадаги можаро, шунингдек, Афғонистон ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилган.
БМТ раҳбари Истанбулдаги Қўшма мувофиқлаштирувчи марказ охирги вақтларда дуч келаётган тўсиқлар ҳақида гапириб, бу масалада хавотир олаётганини таъкидлади.
Бош котиб Лавровга Россия президенти Владимир Путинга берилиши керак бўлган мактубни топширди. Унда БМТ раҳбари томонидан ташаббусни такомиллаштириш ва кенгайтиришга қаратилган, томонларнинг позициялари ва глобал озиқ-овқат хавфсизлигига хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда таклиф қилинган кейинги ҳаракатлар баён этилган. Худди шундай хатлар шартномани имзолаган қолган икки давлатга ҳам йўлланган.
Бош котиб, шунингдек, Россия Федерацияси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасида Россия озиқ-овқат ва ўғитларини жаҳон бозорларида илгари суришда кўмаклашиш тўғрисидаги англашув меморандумини амалга ошириш бўйича Россия томонидан билдирилган хавотирларни ҳам эътиборга олди.
У бу борада эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берди ва БМТ ҳал қилинмаган масалалар устида ишлашни давом эттириш мажбуриятини яна бир бор таъкидлади.
Гутерриш, шунингдек, Лавровга БМТ Котибиятининг Россия расмийлари учун АҚШ визаси билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида маълумот берди.






