Халқаро конгресс марказида иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бошланди. Унинг ялпи мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Президент қайд этганидек, бир йил ичида мамлакатимиз иқтисодиётини янада эркинлаштириш, бизнесга кенг йўл очиш, бу борада қонун устуворлиги ва ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш бўйича тизимли ислоҳотлар жадал давом эттирилди.
Минтақамиздаги энг қулай фискал тизимини яратиш бўйича катта ўзгаришларга эришилди. Хусусан, қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилди. Илгари ушбу солиқ ставкаси 20 фоиз эди.
Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини экспортчи корхоналарга 7 кун ичида қайтариш жорий қилинди, солиқ ва божхонада ўзаро ҳисобга олиш йўлга қўйилди. Шу пайтгача 2 та алоҳида тизим орасида инвесторлар сарсон эди.
Бундан ташқари, хорижий инвесторлар акцияларидан оладиган дивидендлари уч йил муддатга солиқдан озод қилинди, улар учун фойда солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилди.
Муҳими – солиқ ва божхона қонунларига янги ёки оғирлаштирувчи жавобгарлик чоралари киритилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
Ташқи савдони эркинлаштириш бўйича навбатдаги муҳим қадамлар қўйилди.
Жумладан, инвесторлар учун зарур бўлган 7 мингдан зиёд хомашё ва товарларга божхона божлари бекор қилинди.
Божхона ҳудудида қайта ишлашнинг соддалашган тартиби жорий этилди.
Ташқи савдо ва рақобат муҳитини янги босқичга олиб чиқиш, янги-янги бозорларга кириш мақсадида Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш борасидаги ишларни жадаллаштирди.
“Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, Жаҳон савдо ташкилоти талаблари ислоҳотларимиз мазмунига тўла мос ва биз ушбу нуфузли ташкилотга тезроқ аъзо бўлиб киришдан манфаатдормиз”, - деди Президент.
Ҳозир аъзо мамлакатлар билан музокаралар олиб бориш ҳамда миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари билан уйғунлаштириш қизғин босқичда.






