Қирғизистон ва Тожикистондаги Россия ҳарбий базаларининг жанговар тайёргарлиги оширилгани маълум бўлди. Бу ҳақда бугун, 28 апрель куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу баёнот берди.
У шунингдек, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларининг бунга нима алоқаси борлигини маълум қилди.
Россия Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий базаларининг жанговар тайёргарлигини оширмоқда, деди Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Нью-Деҳлида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари йиғилишида.
“АҚШ ва унинг иттифоқчилари терроризмга қарши курашда ёрдам бериш баҳонасида Марказий Осиёда ўз ҳарбий мавжудлигини тиклашга ҳаракат қилмоқда. Биз минтақа давлатларига ҳарбий инфратузилмани жойлаштириш бўйича сўровларни ШҲТ маконида барқарорликка тўғридан-тўғри таҳдид сифатида баҳолаймиз”, — деди Шойгу.
Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари бунинг учун ШҲТ давлатларидан доимий алоқалар олиб бориш, терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.






