Мевалар маликаси қулупнайни хуш кўрмайдиган одам бўлмаса керак. Бугун қулупнайни йилнинг исталган пайтида топиш мумкин. Бироқ май-июнь серсув, қип-қизил, тотли қулупнай пишиб етиладиган вақт. Ушбу меванинг ёшу қарига бирдек ёқиши билан бирга, саломатлик учун фойдали жиҳатлари ҳам кўп.

Darakchi.uz Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги қулупнайзорда бўлди. Бу ерда 60 гектардан ортиқ жойда экилган қулупнайнинг турли навларидан топиш мумкин. "Viktoria", "Izabella", "Charli" бугун савдоси "гуллаётган" қулупнай навлари ҳисобланади.
"Мен Фарғона вилоятидан келиб ишлаяпман. Ҳосилимиз зўр, ортганни экспорт ҳам қиляпмиз", дейди бободеҳқон.
Деҳқондан қулупнайнинг қулупнайзордаги нархи ҳақида сўраганимизда буниси сир бўла қолсин, сабаби нархлар ҳар куни ўзгариши мумкин дейди кулиб.
Қулупнайни даладан узиб еганнинг гашти бошқача. Бироқ қанчалик мазали бўлмасин, меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш саломатликка зарар етказиши мумкин. Келинг, ҳозир бу тотли меванинг саломатлигимизга таъсири ҳақида гапирсак.

Қулупнай хотирани яхшилайди
Сўнгги тадқиқотларга кўра, қулупнай истеъмол қилиш миянинг қариш жараёнини секинлаштиради, яъни унинг функсионал муддатини узайтиради, бу бизга узоқ вақт давомида ақл-идрок ва кучли хотирани сақлашга имкон беради. Қизиғи шуки, ҳар куни қулупнай истеъмол қилиш қисқа муддатли хотирани яхшилашини исботловчи тадқиқот ҳам мавжуд. Сўнгги воқеаларни эслаб қолиш қобилиятининг ёмонлашиши Альцгеймер касаллигининг бошланиши билан боғлиқлигини ҳисобга олганда жуда муҳимдир.

Кўриш қобилиятини оширади
Қулупнай нафақат хотира, балки кўриш қобилияти учун ҳам фойдалидир. Кўпгина тадқиқотлар шуни тасдиқлайдики, қулупнайни ҳар куни истеъмол қилиш кўз пардаси касалликлари, катаракта, кўзларнинг қуруқлашиши, прогрессив кўрлик ва бошқа муаммоларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Резаворларнинг ноёб биокимёвий таркиби нафақат кўришнинг бузилишига олиб келадиган кўплаб касалликларнинг пайдо бўлишининг олдини олади, балки мавжуд касалликларни ҳам прогрессив даволашга ёрдам беради.

Қонда қанд миқдорини меъёрлаштиради
Қулупнай қандли диабетга чалинганлар ейиши мумкин бўлган ширин мевалардан биридир. Ҳар томонлама ноёб таркиби, шунингдек, юқори даражадаги фитонутриэнтлар туфайли у қондаги қанд миқдорининг кескин ошишига ҳисса қўшмайди. Бундан ташқари, унинг сўрилишини секинлаштиради. Шу сабабли диабет ривожланиш хавфи юқори бўлган одамлар учун ҳам тавсия этилади.

Юракни қувватлантиради
Ушбу меванинг кўплаб юрак-қон томир касалликларининг пайдо бўлиш ва ривожланиш хавфини камайтириши исботланган. Юқорида баён этилганидек, қулупнай турли хил витаминлар ва антиоксидантларга бой. Пишган резаворларда магний ва калий ҳам учрайди. Иккаласи қон босимини нормаллаштиришда, шунингдек, суюқликнинг турғунлигидан ҳосил бўладиган шишнинг олдини олади.

Аллергияга қарши курашади
Ажабланарлиси шуки, бундай баҳсли мева ҳар хил турдаги аллергия билан оғриган одамлар учун тавсия этилганидир. Йиллар мобайнида шу каби муаммоларга дуч келганлар етилиб пишган, хушбўй, хуштаъм мевадан узоқроқ туриши керакми? Йўқ, ноёб биокимёвий таркиби туфайли қулупнай яллиғланишни ва аллергия билан боғлиқ айрим биокимёвий реакцияларни бостиради.
Бундан ташқари, қулупнай бўлғуси оналарга ҳам тавсия этилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, агар аёл ҳомиладорлик пайтида қулупнай истеъмол қилса, болада қулупнайга нисбатан аллергия ривожланиш хавфи минимал бўлади.

Қулупнайнинг саломатликка зарари ҳам йўқ эмас
Қулупнай жуда “инжиқ” мева бўлиб, барчага тенг фойдали бўлавермайди. Таркибидаги кислота сабаб ошқозон-ичак йўлларида касаллиги бор кишилар учун у жуда зарарлидир. У айрим кишиларда турли аллергияни қўзғатиши мумкин. Қон босими юқори кишиларга ҳам уни истеъмол қилишни тавсия этишмайди. Қулупнайни меъёридан ортиқ ейиш инсон организми учун хавфлидир.
Бир кунда кўпи билан ярим килоча қулупнайни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Организм айнан шунча миқдордаги қулупнайни ҳазм қила олади.

Шифокорларнинг уқтиришича, ўз мавсумида етиштирилмаган мева ва сабзавотларнинг таркибида зарарли нетратлар бўлади ва уларда витаминлар жуда оз бўлади. Айниқса, қишда етиштирилган қулупнайларнинг мазаси ҳам сизни у даражада хурсанд қилмайди.
7 ёшдан кичик болаларга қулупнайлар бериш тавсия этилмайди. Кечпишар қулупнайни берса бўлади, фақат кунига бериладиган миқдори 100 граммдан ошмаслиги керак.





