Муҳокамалар порталига Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг “2023/2024-ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари магистратура мутахассисликларига ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига ҳужжат топширишда талаб этиладиган хорижий тилларни билиш даражасини баҳоловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди.
Унга кўра, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб ОТМларнинг магистратура мутахассисликларига ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига ҳужжат топширишда филология йўналишлари бўйича камида C1 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат, нофилологик йўналишлари бўйича эса Б2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат талаб этилиши белгиланади.
Халқаро сертификатлар тақдим этишда ҳужжатдаги талабгорнинг исм-шарифи лотин ҳарфларида ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатга мувофиқ бўлиши керак. Шунингдек, магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим учун ҳужжат топширишда филология йўналиши бўйича ҳужжат топшираётган талабгорлар айнан ўзлари танлаган тил йўналиши бўйича тил билиш даражасини баҳоловчи сертификатни тақдим этишлари лозим.
Шу билан бирга, тил билиш даражасини баҳоловчи сертификатлар тил билиш кўникмаларининг барча турларини (тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, ёзиш ва гапириш) ўз ичига олиши керак.






