7 май куни соат 18-00да “Очиқ буджет” ахборот порталида эълон қилинган “Менинг йўлим” лойиҳасининг жорий йилги мавсумига овоз бериш жараёни якунланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, туман (шаҳар) бюджетларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун режалаштирилган маблағларнинг камида 50 фоиз қисмини фуқаролар фикри асосида йўналтирилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган лойиҳанинг ушбу мавсуми учун республика бўйича 10 317 та ташаббусли таклиф келиб тушган.
27 апрелдан 7 май кунига қадар давом этган овоз бериш жараёни натижаларига кўра, 517 та лойиҳа ғолиб деб топилди.
Овоз бериш жараёнида республикамиз бўйича 8 млн. 93 минг 918 нафар юртдошларимиз фаол иштирок этди.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, ушбу жараёнларда энг кўп ғолиб лойиҳалар Тошкент вилояти (55 та), Қорақалпоғистон Республикаси (54 та), Самарқанд (40 та) ва Андижон (40 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.
Ғолиб бўлган лойиҳаларни молиялаштириш учун республика бўйича 412.40 млрд. сўм маблағ йўналтирилади.






