АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда 17 ёшли курьерни ҳақорат қилган ресторан ходими 5 суткага қамалди

Суд ходимнинг ҳаракатларини майда безорилик деб баҳолаган. Ундан махсус қабулхонада сақлаш харажатлари учун 330 минг сўм ҳам ундирилади.

'Тошкентда 17 ёшли курьерни ҳақорат қилган ресторан ходими 5 суткага қамалди'ning rasmi

Тошкентдаги Brasserie ресторани ходими скутерда ҳаракатланаётган 17 ёшли курьерни ҳақорат қилгани учун беш суткага маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2026 йил 18 октябрдаги қарорида қайд этилган.

Суд материалларига кўра, воқеа 17 октябрь куни соат тахминан 15:30 да Ислом Каримов кўчасида жойлашган ресторан олдида содир бўлган. "ONE MORE" МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишловчи С.Р. ресторан олдидан скутерда ўтиб кетаётган курьерга бу ҳудудда ҳаракатланмаслиги кераклигини айтган. Ўртадаги келишмовчилик ортидан у курьерни уятли сўзлар билан ҳақорат қилган.

Ҳодиса акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Унда ресторан ходими курьернинг скутерда мижозлар ўтирган ҳудуддан ўтишига эътироз билдириб, уни ҳақорат қилгани акс этган.

Суд мажлисида С.Р. айбига қисман иқрор бўлиб, курьернинг ҳаракатига эътироз билдирмоқчи бўлгани, аммо жаҳл устида сўкинганини айтган ва қилмишидан пушаймонлигини билдирган.

Суд унинг ҳаракатларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси, яъни майда безорилик деб баҳолаб, беш сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган. Ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва ҳақорат қилиш билан боғлиқ айбловлар тегишли далиллар билан тасдиқланмагани сабабли ишнинг ушбу қисмлари тугатилган.

Шунингдек, С.Р.дан махсус қабулхонада сақлаш харажатлари учун 330 минг сўм ундирилиши белгиланган.

Ҳодисадан кейин "Мовий гумбазлар" хиёбонида жойлашган Brasserie ресторанининг ёзги майдончасида ҳам қонунбузилишлар аниқланиб, ҳудуд қонунчилик талабларига мувофиқ ҳолатга келтирилган.

    Бошқа янгиликлар