АсосийЖАМИЯТ

Россия ҳарбийлари қўшма машғулотларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди

Россия ҳарбийлари тоғли йўллар орқали 300 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, "Термиз" полигонига етиб келди. "Ҳамкорлик-2026" машғулотлари 27 октябрга қадар давом этади.

'Россия ҳарбийлари қўшма машғулотларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди'ning rasmi

Ўзбекистон жанубида Ўзбекистон ва Россия ҳарбийлари иштирокидаги "Ҳамкорлик-2026" қўшма тактик ўқув машғулотлари бошланди. 27 октябрга қадар "Термиз" полигонида давом этадиган машғулотларда ҳарбийлар чегара ҳудудларида шартли қуролли тузилмаларни аниқлаш ва йўқ қилиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатларни машқ қилади.

Машғулотларда иштирок этиш учун Россия Марказий ҳарбий округига қарашли 201-гвардия ҳарбий базасининг бўлинмалари Ўзбекистон жанубига етиб келди. ТАСС агентлиги маълумотига кўра, Россия ҳарбийлари Тожикистон ва Ўзбекистоннинг тоғли йўллари орқали 300 километрдан ортиқ масофани босиб ўтган.

Ҳарбийлар ҳаракати давомида колонна тик кўтарилиш ва тушишлардан, шунингдек, тоғли серпантин йўлларининг тор қисмларидан ўтган. Колонна таркибида БТР-82А бронетранспортёрлари, "Урал" автомобиллари ва "КамАЗ" базасидаги махсус техникалар бўлган.

Полигонга етиб келган ҳарбийлар машғулотларнинг амалий қисмига тайёргарлик кўриш учун техникаларни шай ҳолатга келтиришга киришган.

Машғулотларда тоғ ва штурм бўлинмалари, разведка ҳамда зарба берувчи дронлар экипажлари, ер усти роботлаштирилган мажмуалари ва Ми-24 вертолётлари иштирок этади.

Аввалроқ "Термиз" полигонида Россия ҳарбийлари шартли душманни қўлга олиш бўйича амалиёт ўтказган эди.

    Бошқа янгиликлар