АсосийЖАМИЯТ

C5+1 учрашуви Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлигига янги имкониятлар очиши кутилмоқда

Учрашувда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо ҳажмини ошириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш, энергетика хавфсизлиги ва минтақавий ўзаро боғлиқлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

'C5+1 учрашуви Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлигига янги имкониятлар очиши кутилмоқда'ning rasmi

АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг юз нафардан ортиқ Америка компаниялари вакилларидан иборат делегация билан Ўзбекистонга ташрифи савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва инвестицияларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда. Самарқандда бўлиб ўтадиган C5+1 форматидаги вазирлар учрашувида Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинади.

"Дунё" ахборот агентлиги хабар беришича, учрашувда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо ҳажмини ошириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш, энергетика хавфсизлиги ва минтақавий ўзаро боғлиқлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Америка ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациянинг ташрифи Ўзбекистон учун янги имкониятларни очиши мумкин. Хусусан, саноат, энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий технологиялар ва хорижий сармояларни жалб этиш масалалари долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 19 февралда ўрнатилган. Шундан буён икки давлат ўртасидаги алоқалар сиёсий мулоқот, савдо, инвестиция, хавфсизлик, таълим ва гуманитар соҳаларда ривожланиб келмоқда.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил май ойида АҚШга расмий ташрифи икки томонлама стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим воқеа бўлган. Кейинги йилларда ҳамкорлик нафақат икки томонлама, балки минтақавий ташаббуслар доирасида ҳам изчил ривожланди.

2023 йилда Нью-Йорк шаҳрида C5+1 форматидаги илк етакчилар саммити ўтказилди. 2025 йил ноябрь ойида эса Вашингтонда мазкур форматдаги иккинчи саммит бўлиб ўтди. Ушбу учрашувлар АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги, жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган мулоқотни янада фаоллаштирди.

Иқтисодий ҳамкорлик икки давлат муносабатларининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Америка капитали иштирокидаги 346 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 143 таси тўлиқ Америка капитали асосида ташкил этилган. 2017 йилдан буён эса шундай 203 та корхона иш бошлаган.

Ўзбекистон бозорида "Air Products», "General Electric", "General Motors", "Boeing", "Honeywell", "Coca-Cola" ва "John Deere" каби йирик Америка компаниялари ҳам фаолият олиб бормоқда.

Икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар ҳам мунтазам ўтказилмоқда. Жумладан, 2026 йил июнь ойида V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Америка–Ўзбекистон бизнес-форуми ташкил этилган. Унда 193 та Америка компанияси вакиллари иштирок этган.

Форум доирасида корпорациялар ва молия институтлари вакиллари билан ўтказилган музокаралар инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Самарқанддаги C5+1 форматидаги учрашув ҳам Ўзбекистон, АҚШ ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим майдон бўлиши кутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар