АсосийЖАМИЯТ

Тошкентнинг тўртта туманида электр таъминотидаги узилишга ҳаво шари сабаб бўлди

"Aksa Tashkent" иссиқлик электр станциясининг очиқ тақсимлаш қурилмасига ҳаво шари тушиши оқибатида станция қуввати кескин пасайган.

'Тошкентнинг тўртта туманида электр таъминотидаги узилишга ҳаво шари сабаб бўлди'ning rasmi

19 октябрь куни соат 19:05 да Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган «Aksa Tashkent» иссиқлик электр станциясида трансформаторни ҳимоя қилиш тизими ишга тушган. Натижада станция қуввати 460 МВтдан 185 МВтгача пасайган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Оқибатда пойтахтнинг Юнусобод, Олмазор, Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилган.

Вазирлик маълумотига кўра, соат 19:09 да Юнусобод ва Олмазор туманларида электр таъминоти қисман тикланган. Соат 19:25 да эса захира манбалари ҳисобига электр энергияси тўлиқ етказиб берила бошланган.

Соат 19:38 га келиб барча истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланган.

Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги узилишларга иссиқлик электр станциясининг очиқ тақсимлаш қурилмасига ҳаво шари тушиши сабаб бўлганини маълум қилди. Бунинг оқибатида ҳимоя тизими ишга тушган.

Вазирлик фуқароларни электр станциялари, подстанциялар ва бошқа электр қурилмалари яқинида ҳаво шарларини учирмасликка чақирди.

    Бошқа янгиликлар