Мамлакатимиз суверенитетини янада мустаҳкамлашда глобал иқлим ўзгариши, озиқ-овқат, энергетика, логистика билан боғлиқ хавф-хатарлар, сув тақчиллигининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича янги ташаббус ва дастурлар ишлаб чиқилиши ва ҳамкорларимиз билан бирга фаол иш олиб борилиши қайд этилди.
"Биз Ўзбекистонни ижтимоий давлат, деб эълон қилдик. Мамлакатимизда 2 миллион 200 мингдан зиёд ижтимоий кўмакка муҳтож, давлатдан ёрдам олаётган оилалар бор. Аҳолимизнинг 55 фоизи ёшлардан иборат.
Янгиланган Конституциямизда давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 баробар кўпайтирилмоқда.
Бу рақамни айтиш осон, лекин уни амалда таъминлаш жуда катта меҳнат талаб қилади. Бунга давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча 30-40 триллион сўм ажратиш керак бўлади", - деди Президент.
Бунинг ҳисобидан ҳар йили юзлаб янги боғчалар, мактаб ва шифохоналар қуриш лозимлиги таъкидланди.
Ёшлар сиёсатини, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришни устувор вазифа сифатида юқори босқичга кўтариш бўйича ҳам янги имкониятлар сафарбар этилади.
Нуронийлар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган инсонлар, алоҳида эътиборга муҳтож аҳоли қатламига ижтимоий хизматлар кўлами янада кенгайтирилади.
Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори мунтазам ошириб борилади.
"Нима учун аҳолимиз референдумда бунчалик фаол бўлдилар, нимага улар ислоҳотларимизни қўллаб-қувватламоқдалар?
Чунки Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларимизнинг қишлоқ ва овулларидан тортиб, пойтахтимиз маҳалла ва кўчаларидаги улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишларини ўз кўзлари билан кўраяптилар", - деди Президент.
Биргина мисол, ўтган йилдан бошлаб “Очиқ бюджет” тизими жорий этилгани қишлоқ ва маҳаллардаги оддий-оддий одамларимиз кайфиятига қандай ижобий таъсир кўрсатганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.
Лекин, одамларимизнинг ўсиб бораётган талабларини қондириш учун ҳозиргидан кўра икки карра кўп ишларни бажаришимиз керак.
Мамлакатимизда камбағаллик борлиги тан олиниб, алоҳида дастурлар асосида уни қисқартириш бўйича катта иш олиб борилмоқда.
Шу мақсадда аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш борасида “учта дафтар”, ижтимоий реестр тизими йўлга қўйилиб, салмоқли натижаларга эришилди.
"Асосийси, фуқаролар ислоҳотларимизни қўллаб-қувватламоқда. Лекин, ҳали қиладиган ишларимиз кўп.
Бу борада одамларимиз янгиланган Конституциядан, биз жорий этаётган янги тизимдан кўп нарсаларни кутмоқда. Аҳолимизга муносиб турмуш шароитларини яратиш учун, энг аввало иқтисодий ўсишни таъминлаш зарур.
Ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини ҳозирги 80 миллиард доллардан яқин йилларда 160 миллиард долларга етказиш учун бор имкониятларни ишга солишимиз керак. Бу – аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 4 минг долларга етади, дегани.
Биз бундан буён ҳам хусусий секторни қўллаб-қувватлаш,
солиқ маъмурчилигини янада соддалаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш борасидаги ишлар жадал давом эттирилади.
Ҳукуматга 1 августга қадар давлат ўзига олган ҳар бир янги мажбурият бўйича уларнинг маблағлари, ижро механизмлари, бу масалада масъул вазирлик ва ҳокимликлар аниқ кўрсатилган алоҳида дастур ишлаб чиқиб, парламентга киритиш топширилди.






