Франциянинг Montagne et Neige Développement компанияси Чимёнда гондол ва маятник типидаги осма йўллар, 11 та тоғ-чанғи йўлаклари, ёзги ва қишки аттракционлар, шунингдек, 6 минг сайёҳга мўлжалланган меҳмонхона ва коттежлардан иборат умуммавсумий дам олиш маскани қуриш бўйича тендерда ғолиб чиқди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди
"Билдирсой — Чимён — Нанай" халқаро умуммавсумий курортини қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича лойиҳа офиси" давлат унитар корхонаси томонидан эълон қилинган Франция ғазначилиги иштирокидаги "Чимён туристик зонасини қуриш" лойиҳаси доирасида "Чимён" умуммавсумий оромгоҳи объектларини лойиҳалаш, тадқиқ қилиш, қуриш, жиҳозларни етказиб бериш ва ўрнатиш, созлаш-ишга тушириш ишларини олиб бориш юзасидан 1−6-сонли лотлар бўйича очиқ танлов якунига етказилди.
Франциянинг Montagne et Neige Développement (MND) компанияси танлов ғолиби деб топилди.
MND — тоғли ҳудудларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича етакчи саноат гуруҳларидан бири бўлиб, бош қароргоҳи Франция жанубидаги Савоя департаментининг Сен-Ҳелене-дю-Лак шаҳрида жойлашган. Гуруҳ 2004 йилдан буён дунёнинг 49 давлатида фаолият юритиб келмоқда. MND тоғли жойларда туризм соҳасида умуммавсумий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда осма йўлларидан шаҳарларда, саноат объектларида ва маиший мақсадларда фойдаланиш бўйича кенг кўламли хизматлар кўрсатишда жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, компания Курчевел, Чамоних-Мон-Бланк, Роса Хутор, Боско Гурин, Молесон, Нарвик ва бошқалар каби бутун дунё бўйлаб 1500 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган.
Чимёндаги лойиҳани амалга ошириш натижасида мамлакат аҳолисига ҳам, хорижлик меҳмонларга ҳам очиқ ҳавода ҳордиқ чиқаришнинг ҳар хил турларини таклиф этадиган халқаро даражадаги умуммавсумий мажмуаси ташкил этилади.
Лойиҳа доирасида дам олувчиларни 2515 метр баландликка кўтариладиган гондол типидаги 10 кишилик асосий осма йўли (максимал қуввати — 2000 киши/соат) ва 3309 метр баландликка чиқадиган маятник типидаги 80 кишилик оралиқ осма йўли (максимал сиғими — 800 киши/соат) қурилади. Курорт бундай иншоотларга эга бўлган Марказий Осиё мамлакатларидаги энг баланд нуқтага айланади.

Шунингдек, унда XXL Zip line, Alpine coaster, Adventure tower, Tubing, Via ferrata каби 20 дан ортиқ турдаги қишки ва ёзги аттракционлар ташкил этилади, умумий узунлиги 20 км дан ортиқ бўлган турли даражадаги 11 та чанғи учиш жойлари, 6000 нафар туристга мўлжалланган меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар қурилади.
Ушбу йирик ташаббусдан кўзланган мақсад халқаро миқёсдаги умуммавсумий курорт, сайёҳлик жойлари ва турли кўнгилочар аттракционлар ҳамда осма йўлларга эга янги туристик мажмуаларни қуриш орқали ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини юксалтириш, Тошкент вилоятининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида оммавий спортни рағбатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва янги иш ўринлари ташкил қилишдир.
Меҳмонхона мажмуалари ва коттежларни қуришни ташкил қилиш ер участкаларини турли лотларга бўлиш (тасдиқланган дизайн-коди билан) ва яқин келажакда қизиққан инвесторларга сотиш учун E-Ijro auksion электрон савдо майдончасида жойлаштириш орқали амалга ошириш кўзда тутилган.





