АсосийJamiyat

Учта давлат мутахассислари Устюрт платосида биохилма-хилликни сақлаш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар

'Учта давлат мутахассислари Устюрт платосида биохилма-хилликни сақлаш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги, Қозоғистон Республикаси Экология ва табиат ресурслари вазирлиги ҳамда Туркманистон Қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди.  

Нукус шаҳридаги учрашувда  БМТнинг кўчиб юрувчи турлар тўғрисидаги конвенцияси (БМТ CMS)нинг Марказий Осиё сутэмизувчилар ташаббуси (CAMI) томонидан белгиланган трансчегаравий фаол нуқта бўлган Устюрт платоси бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.  

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Зоология институти томонидан Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги тўсиқ бўйлаб кўчиб юрувчи турларга оид сўнгги маълумотлар тақдим этилди.

Мониторинг ГИЗнинг Оролбўйи минтақасида экологик йўналтирилган ҳудудларни ривожлантириш лойиҳаси ва Майкл Сукков жамғармаси кўмагида янги жорий этилган СМАРТ мониторинг ва патрул хизмати тизими доирасида амалга оширилди.  

Айтиш жоизки, чегаралар бўйлаб ўрнатилган камера қопқонлари чегара атрофида ёввойи ҳайвонларнинг кўплигини кўрсатди.

Бундан ташқари, қозоғистонлик иштирокчилар Жанубий Устюрт давлат қўриқхонасининг Ўзбекистон ва Туркманистон чегараларига туташган янги кластер участкаси лойиҳасини тақдим этдилар.

Иштирокчилар учта муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ўртасидаги яқин ҳамкорликни муҳокама қилдилар, трансчегаравий муҳофаза этиладиган ҳудудни яратиш имкониятларини кўриб чиқдилар.  

Қолаверса, Туркманистон вакиллари Қапланкир қўриқхонаси мониторинги маълумотларини тақдим этиш баробарида, келгуси муҳокамаларда иштирок этишдан манфаатдорлигини билдирди.

Учрашувда Марказий Осиё сутэмизувчиларни ҳимоя қилиш ва уларнинг табиий миграциясини таъминлаш бўйича БМТ CMS ва CAMI Ҳаракат режаси доирасидаги давлатлар томонидан қабул қилинган мажбуриятлар тасдиқланди.

Ушбу тадбир Судоче-Акпетки давлат қўриқхонасининг Судоче кўлига ва Орол денгизига саёҳат билан якунланди.  

Маълумот учун, экскурсиядан кўзланган мақсад Ўзбекистондаги қўриқланадиган ҳудудлар фаолияти билан бевосита танишишдан иборат.

    Бошқа янгиликлар