Будапештда Венгрия – Ўзбекистон халқаро тиббиёт форуми ўтказилади

САЛОМАТЛИК 23.05.2023, 20:56
Будапештда Венгрия – Ўзбекистон халқаро тиббиёт форуми ўтказилади

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Швейцариянинг Женева шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 76-сессиясида иштирок этяпти. 

Ушбу ташриф доирасида вазир Амрилло Иноятов бошчилигидаги делегациямиз бир қатор муҳим учрашувлар ўтказиб, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун аҳамиятли бўлган масалаларни муҳокама қилмоқда.

Шундай учрашувлардан бири бугун Венгрия Республикаси делегацияси билан бўлиб ўтди.

Ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто билан ўтган музокаралар чоғида қатор муҳим аҳдлашувлар, биргаликда икки мамлакат тиббиёти учун манфаатли бўлган таклифлар ўртага ташланди.

Учрашувда таъкидланганидек, венгриялик мутахассисларнинг мураккаб касалликларни даволашдаги ютуқлари ҳамда ушбу мамлакат шифохоналарининг замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозлангани мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини Европа Иттифоқида илғор даражага кўтарди.

Самарали соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳар ким сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлиши учун зарур шароитларни яратиш икки мамлакат тиббиётининг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Давлатларимиз тиббиёт ходимларини ўқитиш, тажриба ва технологиялар алмашинуви, янги дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналарни биргаликда яратиш каби қатор йўналишларда ҳамкорлик истиқболларига эга.

Шундан келиб чиқиб, учрашув давомида тиббиёт ва фармацевтика йўналишларида Ўзбекистонда Дебрецен университетининг филиалини очиш масаласи муҳокама қилинди.

Шунингдек, ўзаро мулоқот чоғида Ўзбекистонда венгриялик фармкомпаниялар иштирокида дори-дармонлар ишлаб чиқариш бўйича ҳам қатор масалалар кўриб чиқилди.

Мулоқот якунида вазирлар Будапештда Венгрия — Ўзбекистон тиббиёт форумини ўтказиш бўйича келишувга эришди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1